Юртимизда рақобат муҳитини мустаҳкамлаш, маҳсулотлар нархини барқарорлаштириш ва ички бозордаги шаффоф савдони таъминлаш ҳар доим эътибор марказида бўлиб келган. Айниқса, юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар — пахта мойи, шроти ва шелухаси каби товарлар, бозордаги рақобат ва нархларнинг адолатли шаклланишига катта таъсир кўрсатади. Шу боис, бу турдаги маҳсулотларнинг биржа орқали сотилиши ва уларни тўғридан-тўғри шартномалар асосида реализация қилиш ҳолатлари алоҳида назоратда бўлади.
Шу нуқтаи назардан Рақобат қўмитаси томонидан юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотувчи ёғ-мой корхоналари томонидан биржа савдоларига қўйилиши, биржа савдоларида нархлар сунъий ошишининг олдини олиш бўйича назорат ўрнатилиб, кунлик ва ойлик мониторинг кузатувлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан монопол бўлмаган ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган ёки давлат улуши мавжуд бўлмаган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилган пахта техник чигити, пахта мойи (шу жумладан, экстракция пахта мойи), қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) маҳсулотлари ички бозорда фақат биржа савдолари орқали реализация қилиниши белгиланган.

Қўмитанинг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “FOREVER SERVICE” МЧЖнинг пахта ёғи, пахта шроти ва пахта шелухаси маҳсулотларини биржа савдолари орқали сотиш фаолияти юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Олиб борилган ўрганиш натижаларига кўра, “FOREVER SERVICE” МЧЖ томонидан жами 4 миллиард 800 миллион сўмдан ортиқ жумладан, 117 тоннага яқин пахта ёғи, 717 тоннадан ортиқ пахта шроти ва 154 тонна пахта шелухаси тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотилган. Натижада юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни биржа савдоларида шаклланган ўртача биржа котировка нархлари билан таққосланганда жами 55 миллион сўмга яқин тафовут (фарқ) ҳолатлари аниқланди.
Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, Қўмитанинг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан “FOREVER SERVICE” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилди.
Шу билан биргаликда, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА