Пойтахтимиздаги муҳташам Адиблар хиёбонида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳақидаги «Ашық Аяз» ҳужжатли фильми кенг жамоатчиликка намойиш этилди.
Кинокартина Кинематография агентлиги буюртмасига биноан «Қорақалпоқфилм» студияси ҳамда Тошкент давлат кимё -технология институти билан ҳамкорликда суратга олинган.
Тақдимотдан олдин Ибройим Юсуповнинг муҳташам ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ўтказилди.
Сўнг Тошкент давлат кимё -технология институти талабалари иштирокида Ибройим Юсупов ҳаёти ва ижодига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилиб, ижодкор ҳаёт ва ижод йўлига назар солинди. Шоир ҳаёт йўли ҳақида йиғилганларга маълумотлар тақдим этилди. Унинг қаламига мансуб шеърлар ўқилди.
Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўразбой Абдураҳмонов ва бошқалар шоирнинг мазмунли ҳаёт йўли ҳақида сўз юритди.
Ибройим Юсупов ҳақидаги ҳужжатли фильм Азиз Асқаров режиссёрлигида суратга олинган. Оператор Асенбай Аскаров.

Ижодкорлар фильмни яратишда шоир яшаган давр воқеалари, адиблар ва шогирдларининг интервьюларидан унумли фойдаланган. Архив кадрлар картинани янада бойитган.
– Ибройим Юсупов ҳақида уч маротаба сценарий ёзганман, бу сафарги картинага «Ашық Аяз» дея ном қўйдик,–дейди сценарий муаллифи Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Муратбай Ниязов. – Шу ўринда айтиб ўтишим керак. Ашық бу ошиқ эмас, шоир, деган ҳам маъноси бор. Ашық Аяз Ибройим Юсуповнинг тахаллусларидан бири. Ибройим оға ижодига назар солсак, у қамраб олмаган мавзу қолмаган. У Ўрта Осиёда энг кучли шоирлардан бири эди. У билан қорақалпоқ халқи фахрланади. Сценарийни ёзишда шунга аҳамият қаратдим. Иброҳим оға билан бўлган суҳбатлар, хотираларга таяндим.
Эслатиб ўтамиз, «Халқ юраги» туркумидаги ҳужжатли фильмлар намойиши 29 сентябрга қадар давом этади. Энди Чўлпон, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф, Зулфия ва бошқа адиблар ҳақидаги фильмлар кенг оммага тақдим этилиши кўзда тутилган.
Ушбу ҳужжатли фильмлар премьералари Кинематография агентлиги томонидан жорий йилда бўлиб ўтадиган «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ташкил этилмоқда.
Д. Маматова, ЎзА