Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, жамоавий фаоллиги, лидерлик ва ташаббускорлик қобилиятларини ошириш мақсадида “IBRAT Debate" турнири бўлиб ўтди.
"Талабалар фестивали" доирасида ташкил этилган мазкур лойиҳада ёшлар жамоа олдида фикрларини хорижий тилларда эркин баён этиш ва ҳимоя қилиш кўникмаларини синовдан ўтказди. Жумладан, турли олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар сиёсий ва ижтимоий мавзуларда инглиз тилида баҳс-мунозаралар олиб борди.


–“IBRAT Debate" турнири "Янги имкониятларнинг бошланиш нуқтаси" шиори остида ўтказилди, – деди лойиҳа асосчиси Алишер Зайлобиддинов. – “IBRAT Debate" турнирида иштирок этиш истагини билдирган ёшлар 2 мингдан ошди. Улар орасидан 12 та олий таълим муассаси саралаб олинди. Бу лойиҳа нафақат ёшларда таҳлилий-танқидий фикрлаш қобилиятини шакллантиришга замин яратади, балки университетлар ўртасида дўстона муносабатларни шакллантиради. Қолаверса, дебат орқали нафақат ёшларнинг хорижий тилларда фикрлаш ва нотиқлик кўникмаларини синовдан ўтказишни, балки уларнинг шу каби қобилиятларини рағбатлантиришни ҳам мақсад қилганмиз.

Тадбир сўнгида ғолиблар аниқланди. Унга кўра, турнир ғолиблиги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети жамоасига насиб этди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА