Ўзбекистон Республикасида меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, иш берувчи ва ходимлар манфаатларини мутаносиб ҳимоя қилиш мақсадида Меҳнат кодекси ҳамда айрим қонун ҳужжатларига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Қонун билан Миграция агентлигининг ваколатлари аниқлаштирилди, хусусий бандлик агентликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кенгайтирилди, шунингдек, иш вақтидан ташқари меҳнат учун ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритилди.
Янги қонунга мувофиқ, хусусий бандлик агентликларига қуйидаги янги ҳуқуқлар берилди. Хусусан, иш қидираётган шахсларни касб-ҳунар ва чет тилларга ўқитиш бўйича ўқув курсларини белгиланган тартибда ташкил этиш, мазкур жараёнга чет эллик иш берувчиларни жалб қилиш, захира маблағларини тижорат банкларидаги депозитларга жойлаштириш ҳамда улардан олинадиган фоиз даромадларини мустақил равишда тасарруф этиш имконияти яратилди.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур ўзгартишлар меҳнат бозорида хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш, хорижий иш берувчилар билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Меҳнат кодексига киритилган ўзгаришларга кўра, иш вақтидан ташқари меҳнатнинг давомийлиги йилига 120 соатдан ошмаслиги ҳақидаги талаб чиқариб ташланди.
Бу ўзгариш иш берувчилар учун меҳнат жараёнини янада эластик ва самарали ташкил этиш имконини берса, ходимлар учун меҳнатининг муносиб баҳоланишига замин яратади.
Қонуннинг қабул қилиниши меҳнат муносабатларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ходимлар меҳнат ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилиш ҳамда хусусий бандлик агентликлари фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Ш. Маматуропова, ЎзА