_
Исм ‒ Худодан
Тақдирнинг ўзи каби, исм ҳам ‒ Худодан.
Тўғри, уни кимдир ‒ бобо, биби, ота, она... қўяди.
Лекин ўша одамнинг кўнглига айнан шу исмни солган ‒ ким, ахир?
Қандай саломлашасиз?
Истиқлолимизни қўлга киритиб, муқаддас динимиз ўзимизга қайта бошлаганидан кейин саломлашишимиз ҳам ўзгарди. Ўзини англаганлар: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу”, ‒ деб сўрашадиган, жавобига: “Ваалайкум ассалом ва раҳматуллоҳи баракатуҳу”, ‒ дейиладиган бўлди. Қулоқлар ҳам секин-аста бунга ўргана борди.

Лекин, яшириб нима қилдим, камина фақат муллоларимиз ва айрим ҳожи акалар билангина шундай сўрашаман. Шунда ҳам баъзан эсдан чиқиб, қисқа қилиб қўя қолинаверади.
Аммо...
Яқинларим орасида шундай бир киши борки, унга ҳар гал, ҳар сафар ҳеч эринмасдан: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу”, ‒ деб салом бераман. Бунинг сабабини мақоламиз сўнгроғида билиб оласиз.

Қаҳҳор Раҳмонов деган факультетдошимиз бор эди. Камина каби, у ҳам вобкентлик эди. Бир босқич юқорида ўқирди. Унинг ётоқхонага бир озғин, бўйдорроқ бир синфдоши келиб турар эди. Бир-икки кўришганмиз.
Ўзи-ку жуда хушмуомала, босиқ, оппоқ юзли, юмшоқ йигит эди. Лекин кўзойнаги уни яна ҳам маданиятли, савлатдор қилиб кўрсатар эди.
Низомий номидаги ҳозирги Тошкент давлат педагогика университетининг Ўзбек тили ва адабиёти факультетини битириб (1975), Бухоро вилоятининг Вобкент туманида мактаб ўқитувчиси, мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, туман халқ таълими бўлими методисти вазифаларида ишлаган (1975 ‒ 1980).
Сидқу собитлик
1980 йил эди. Бир куни уни ўзим ишлаётган Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида учратиб қолдим. Болалар адабиёти бўлимига ишга кирибди. У тенгилардан кўпларимиз, жумладан, Боқижон Тўхлиев, Зуҳриддин Исомиддинов, Нусратулла Жумахўжа, Нишонбой Ҳусанов, Зиёдулла Ҳамидов, Исҳоқхон Носиров, Анвар Жабборов, Акиф Багировлар кейинчалик бошқа ишларга ўтиб кетдик. Лекин бу биродаримиз ҳозиргача сидқу собитлик билан шу илмий даргоҳда ишлаб келяпти. У бу даргоҳда лаборант, катта лаборант, стажёр-тадқиқотчи, кичик илмий ходим, илмий ходим (1980 ‒ 1994), Институт илмий котиби (1994 ‒ 2018), “ХХ аср ўзбек адабиёти ва ҳозирги адабий жараён” бўлими мудири (2018 ‒ 2021) бўлди, ҳозир катта илмий ходим (2021 йилдан).
У Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти илмий кенгаши, Dsc.02/30.12.2019.Fil.46.01 рақамли илмий кенгаш ҳузуридаги илмий семинар, “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали таҳрир ҳайъати аъзоси аъзоси, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи Dsc.02/30.12.2019.Fil.46.01 рақамли илмий кенгаш илмий котиби.

“Диссертация” дегани илм-фаннинг шундай бир қолипланган жанрики, унча-бунча тадқиқотчи унинг инжиқдан-инжиқ талабларига дош беролмайди. Кўпчилик, ҳатто, ўрганолмайди ҳам. Бироқ қолипга туширмасангиз, иш ёқланмайди ҳам. Нима қилмоқ ‒ керак? Ана шундай илмий даражалар берувчи кенгашлар илмий котиблари диссертантлар жонига ора киради. Тадқиқотчи истайдими-истамайдими, қатъи назар, илмий котиб ишни ўша Олий аттестация комиссияси талаблари асосида шаклланган қолипга солдиради. Билмаганларини ўргатади.
Аммо бунинг ўзи ҳам меҳнат-машаққат талаб қилади-да.
Бу жиҳатдан қаҳрамонимиз, эҳ-ҳе, кўп йиллардан бери қанча-қанча шогирдлар дуосини олган.
Ғалвир
Мана, энди ана шу 44 йиллик машаққатли илмий-ижодий меҳнат натижаларини бир ғалвирдан ўтказиш маҳали келди. Хирмон чакана эмас.
Орада атоқли навоийшунос, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Беруний мукофоти соҳиби, профессор Абдуқодир Ҳайитметов илмий раҳбарлигида “ХХ аср бошларидаги ўзбек болалар адабиёти ва Абдулла Авлоний ижоди” мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади (1994). Аввал катта илмий ходим (2009), кейин профессор (2022) илмий унвонига сазовор бўлди. Илмий раҳбарлигида 3 фан номзоди, 5 фалсафа доктори диссертация ёқлади. 9 фан номзоди ва фалсафа доктори диссертациясига расмий оппонентлик қилди.
У илмий изланишлари ўзбек маърифатпарварлик адабиёти, адабий алоқалар ва таржимашунослик, хусусан, ўзбек болалар адабиёти йўналишларида тадқиқотлар олиб боради. Айниқса, болалар адабиёти бўйича республикамизда етакчи мутахассисларидан ҳисобланади. У мустақил ҳолда ва ҳаммуаллифликда 10 дан ортиқ монография ва рисола эълон қилди. Республикамиз ва хориж матбуотида 270 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп мақолалари чиқди. 60 дан ортиқ республикавий, 10 дан ортиқ хорижий илмий анжуманда маърузалар билан иштирок этди.
Унинг “Жонажоним, шеърият. 80-йиллар ўзбек болалар шеърияти ҳақида баъзи қайдлар” (1997), “Ўзбек болалар адабиёти ва Абдулла Авлоний ижоди” (2004) монографиялари босилди, ҳаммуаллифликда “Турсунбой Адашбоев феноменига бир назар” (2014, 2017), “Бадиий тасвир маҳорати” (2021) китоблари чиқди.
Айниқса, унинг уч бор (2019, 2021, 2022) чоп этилган О. Сафаров ва Б. Жамиловалар билан ҳамкорликда чиқарган олий таълим муассасалари талабалари учун “Болалар адабиёти” дарслиги ҳозирги кунда ҳам энг муҳим дастур ил-амал вазифасини ўтаб келяпти.
Абдулла Авлонийнинг “Мухтасар тарихи анбиё ва тарихи ислом” рисоласини луғатлар ва сўнгсўз илова қилган ҳолда нашрга тайёрлаб, чоп эттирди (2018) ҳам.
Ҳақиқий олим шундай кўп илмий масалаларга дуч келадики, уларнинг барини ўзи ҳал қилиб беролмайди. Умр етмайди-да. Унинг ишларида илгари сурилган илмий қарашлар шогирдлари томонидан муваффақият билан давом эттирилмоқда, шу тариқа ўртага қўйилган талай муаммолар ечим топяпти. Унинг илмий раҳбарлигида бир неча таянч докторант ва мустақил изланувчи филология фанлари бўйича фалсафа доктори диссертацияси устида иш олиб бораётир.
Профессионаллик
Бир гапни айтсак, ҳеч кимнинг кўнглига тегмасин. Очиғи, бизда дипломлилар жуда кўп-у, аксинча, профессионаллар ‒ жуда кам. Профессионал бўлиш ‒ осон, деб ўйлайсизми? Бир саҳифалик ҳақиқий илмий матн битиш учун, эҳ-ҳе, биласизми, қанча илмий, имловий, услубий қонун-қоидани билиш ‒ керак!
Қаҳрамонимиз ‒ профессионал тадқиқотчи. У ‒ ўзбек болалар адабиёти тарихи ва ҳозирги ўзбек болалар адабиётининг тараққиёт тамойиллари, адабий алоқалар, таржима тарихи ва назарияси бўйича таниқли мутахассис.
У ўзбек болалар адабиётининг пайдо бўлиш, шаклланиш ва тараққиёти тарихи муаммоларини ўрганиб, умумлаштирган. ХХ аср ва истиқлол даври ўзбек болалар шеърияти такомил хусусиятларининг илмий-назарий жиҳатдан ўзига хос белгиларини кўрсатиб берган. Абдулла Авлоний, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Ғафур Ғулом, Зафар Диёр, Қуддус Муҳаммадий, Қудрат Ҳикмат, Худойберди Тўхтабоев, Миразиз Аъзам, Сафар Барноев, Турсунбой Адашбоев, Анвар Обиджон, Ҳамза Имонбердиев, Дилшод Ражаб, Абдураҳмон Акбар сингари шоирлар ижодининг ўзбек болалар шеърияти такомилидаги ўрни ва мавқеини кўрсатиб берди.
Унинг профессионаллиги замирида эса тартиб-интизомлилик, саришта-саранжомлик ётади. Нозик ўқувчи сезиб турибдики, русча “аккуратность” демоқчи бўляпмиз. Қурғур шу сўзнинг русчадагидек жаранглайдиган ўзбекча ифодасини тополмаяпмиз-да. Луғатларни титкилай-титкилай, унинг кўп маънодошларига дуч келдик. Лекин айнан қаҳрамонимиз феъл-атворига айнан тўғри келадигани, яъни моппа-мос тушадиган фақат ва фақат “покизакор” дегани экан. Чунки бу “топширилган ҳар қандай ишни тоза, бекаму кўст бажарадиган киши” маъносини англатади.
Дўстни сафарда синанг!
Бухорода: “Одамни раҳу растада сина!” ‒ деган гап ‒ бор. “Раҳу раста” умумий маънода сафарни англатади. Адабий тилимизда ҳам: “Дўстни сафару ҳазарда синамоқ ‒ керак”, ‒ деган ҳикмат ‒ мавжуд. Бу оғайнимиз билан кўп-кўп сафарларга бирга чиққанмиз. Яхши суҳбатдош, хушмуомала шерик. Республикамизнинг турли минтақаларидаги шаҳар ва туманларда ўтказилган маънавий-маърифий тадбирларда эл олдида бир маърифатли-маънавиятли зиёли сифатида маърузалар ўқиган, суҳбатлар ўтказган.
Бу биродаримиз билан Тошкентнинг Эски шаҳарида бир неча йил ёнма-ён маҳаллада турганмиз. Иссиқ-совуқ кунларимизда елкадошлик қилган. Унда бировга яхшилик қила олиш фазилати ‒ бор. Буни кўп синаганман.
“Дарс ўтишдан мақсад маош олишгина эмас-ку!..”
Бир куни раҳматли олим ва шоир укам, Бухоро давлат университети доценти, филология фанлари номзоди Мирзааҳмад Олимов аудиторияга кирса, талабалар йўқ эмиш. Вазиятни билиш учун деканатга борибди. Шунда яна бир муаллим ҳам гуруҳи аудиторияда йўқлигини айтиш учун кирган экан. “Фалон юқори ташкилотдан мажлисга чақиришди, бу икки гуруҳ талабаларини ўша ёққа юбордик”, ‒ дейишибди деканатдагилар. “Ур-ра!!! ‒ дебди шунда ҳалиги ўқитувчи, ‒ яхши бўлибди-да, ўзи уйимда уста ишлаётган эди”. Укам асабийлашиб, декан муовинига бақира кетибди: “Нега гуруҳимни мажлисга юборасизлар? Ахир, бугун уларга Гадоий ҳаёти ва ижодини ўргатишим керак эди”. Шунда декан муовини пинагини бузмай: “Ҳа, хўп, Гадоийни кейинги дарсда ўтиб бераверасиз. Шунга шунча отагўри ‒ қозихонами?” ‒ дебди. Мирзааҳмад бадтар тутабди-да: “Кейинги дарсда Лутфийни ўтишим ‒ керак-ку уларга!!!”
Бизнинг қаҳрамонимиз ҳам ‒ ана шу укамиз тоифасига кирадиган муаллимлардан. Яқинда университетларимиздан бири уни мутахассис сифатида магистрларга дарс ўтиш учун чақиришибди. Икки-уч марта дарсга кириб, ариза ёзиб, бўшаб кетибди. Сабабини суриштиришса: “Мен фақат маош олиш учунгина дарс ўтмайман-ку! Магистрантларнинг эшитгиси, ўқигиси, илм ўргангиси ‒ йўқ. Афтидан, улар фақат диплом олиш учунгина дарсга келиб-кетишади”, ‒ дебди.
Эҳтимол, бу биродаримизнинг Фанлар академияси институтига садоқатининг асл сабабларидан бири ҳам шудир.
Саккизинчи даҳа
Ўтган йилнинг 22 декабри куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ‒ Республика Маънавият ва маърифат кенгаши раиси Шавкат Мирзиёев Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисида “Маънавият ҳаётимизда янги куч, янги ҳаракатга айланиши керак” мавзусида нутқ сўзлади. Унда, жумладан, болалар адабиётини ривожлантиришга алоҳида диққат қаратиб: “Албатта, билимдон, зукко олимларимиз, дунё маданиятига жуда катта ҳисса қўшаётган ватандошларимиз кўп. Лекин, афсуски, улар болалар оламига яқин эмас. Ваҳолонки, дунёга машҳур олимларнинг кўпчилиги болаларга атаб китоблар ҳам ёзишган. ...Фурсатдан фойдаланиб, мен ўз соҳасида илмий мактаб яратган ҳурматли олимларимизни адиблар ва ноширлар билан ҳамкорликда болалар учун қизиқарли ва сермазмун китоблар яратишга чақираман. Бу ишларни рағбатлантириш, янги босқичга кўтариш учун келгуси йили мамлакатимизда Халқаро болалар адабиёти кўргазмасини ташкил этамиз”, ‒ деди.
Бу даъват болалар адабиётининг тадқиқотчи, жонкуяр тарғиботчиси бўлмиш қаҳрамонимизни ҳам янги-янги ғоя ва лойиҳалар устида ишлашга ундайди, албатта.
Келинг, энди, камина нега у билан ҳар гал: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу!” ‒ деб саломлашишим сирини ошкор эта қолай: бу биродарим ‒ тўрт фарзанднинг отаси, ўн неваранинг бобоси, 2-даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби (2000) Раҳматулла Баракаев!
У шу кунларда муборак етмиш ёшни тўлдирди.
Хуш келибсан, саккизинчи даҳа, ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу!
Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари доктори, Тошкент амалий фанлар университети профессори.