Буюк Британия, Германия ва Италия раҳбарлари Ҳурмуз бўғозида тижорат кемаларини ҳимоя қилиш бўйича қўшма чоралар ишлаб чиқишга келишиб олди. Бу ҳақда ANSA нашри маълум қилди.
Кир Стармер Канцлер Фридрих Мерц ва Бош вазир Жоржа Мелони билан телефон орқали мулоқот ўтказиб, Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилган. Суҳбатда кемаларнинг Ҳурмуз орқали эркин ҳаракатланиши халқаро савдо учун жуда муҳим экани таъкидланган.
Томонлар сўнги таҳдидлар асносида яқин кунларда ҳамкорликни кучайтириш ва минтақада кемалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича таклифлар тақдим этишга келишиб олган. Шунингдек, Лондон минтақа давлатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган мудофаа чоралари ҳақида маълумот берган.
Айни пайт молия бозорида ҳам вазият ижобий томонга ўзгараётгани кузатиляпти. АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан уруш тез орада якунланиши мумкинлигини билдиргач, Европа ва Америка фонд бозорида ўсиш қайд этилди. Европа миқёсида Милан биржасида индекс 2,67 фоиз кўтарилди, Мадрид 2,9 фоизлик энг яхши натижага эришди. Шунингдек Франкфурт, Амстердам, Париж ва Лондон ҳам ижобий нисбат қайд этган.
Нефть нархи пасайиши ҳам вазиятга мусбат таъсир кўрсатган. АҚШнинг WTI нефти тахминан 10 фоиз арзонлаб, бир баррель учун 85 доллар атрофида савдо қилинмоқда. Бу ҳолат уруш тўхташи эҳтимоли билан боғлиқ фаразни кучайтирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА