Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида “Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг мутлақо янги механизмларини жорий этишга қаратилгани қайд этилди.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга совуқ қурол ёки шунга ўхшаш ашёларни олиб юриш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликни бир йил давомида такроран содир этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

“Қурол тўғрисида”ги қонунга эса оилавий (маиший) зўравонлик жиноятини содир этган шахсларни фуқаровий қуролни олиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳамда ҳимоя ордери берилган шахслардан ўқотар қуролни вақтинча олиб қўйишга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.
“Наркологик касалликлар тўғрисида”ги қонунга мажбурий даволанишга жойлаштириш талабларини ўзгартириш ва олис ҳудудлардаги туманлараро тиббий комиссияларга мажбурий даволашга муҳтож деб топиш ҳуқуқини беришга доир қўшимчалар киритилмоқда.
Мажлисда “Ҳарбий хизматчиларнинг, ҳарбий хизматга мажбурларнинг ва сафарбарлик чақируви резервида ойлик йиғинларни ўтаётган шахсларнинг моддий жавобгарлиги тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.

Сенаторлар Қуролли Кучларни янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, биринчи навбатда, халқимизнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилганини таъкидлади. Бундан ташқари, комплекс чоралар натижасида миллий армиямизнинг қиёфаси, қўшинларнинг тайёргарлик даражаси ўзгармоқда, инфратузилма ва ҳарбий хизматчиларнинг шароитлари яхшиланиб, жанговар бўлинмалар имкониятлари тобора кенгайиб бормоқда.
Мажлисда қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳининг янги таркиби ҳам тасдиқланди. Якунда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА