ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 27 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини янгича ташкил этиш, патруль-пост ва профилактика хизматларини уч сменали иш режимига ўтказиш ҳамда чақириқларга 5 дақиқа ичида етиб бориш вазифалари белгиланган эди. Мазкур топшириқлар ижроси доирасида Сурхондарё вилоятида Ички ишлар органлари томонидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олишда Қўриқлаш хизмати имкониятларидан самарали фойдаланиш ижобий натижалар бермоқда. Бугунги кунда вилоятда 7 минг 300 дан ортиқ объект ва 5 минг 200 дан зиёд фуқаро хонадони ишончли қўриқловга олинган.
[gallery-27554]
Соҳага замонавий ахборот технологиялари жорий этилиб, техник қўриқдаги объектларни реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи ситуацион марказ фаолияти йўлга қўйилди. Шу орқали тезкор гуруҳлар ҳаракатини онлайн бошқариш таъминланмоқда.
Объектларни техник қўриқлаш тизими билан қамраб олиш кенгайиб, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар замонавий транспорт воситалари ва экипировка билан таъминланди. Улар туну кун маҳаллаларда патруллик қилиб, сигнализация чақириқларига тезкор жавоб қайтармоқда.
Криминоген вазияти оғир маҳаллаларда профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда манзилли профилактик ишлар олиб борилиб, аҳоли ва уюшмаган ёшлар билан индивидуал суҳбатлар ўтказилмоқда. Шунингдек, жамоат жойлари ва объектларда ўрнатилган “ташвиш” тугмалари орқали жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда.
Қайд этилишича, амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар аҳоли тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА