Сирдарё вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси давлат инспекторлари томонидан Сирдарё туманига қарашли Бахт шаҳри ҳудудида навбатдаги экологик назорат рейд тадбири ўтказилди. Ушбу тадбир доирасида бир кунда жами 26 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, айбдор шахсларга жарима жазолари белгиланди.

Рейд тадбири давомида 20 нафар фуқаро чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлагани учун жами 7 миллион 875 минг сўм миқдорида жаримага тортилган бўлса, 2 нафар фуқарога чиқиндиларни ёққани учун 312 000 сўм, 2 нафар фуқарога дарё муҳофаза зонасида рухсатсиз қум-шағал маҳсулотларини ташигани учун 2 миллион 250 минг сўм, 2 нафар фуқарога ўсимлик қолдиқларини очиқ ҳавода ёққани учун 4 миллион 500 минг сўм миқдорида жарима қўлланилди.

— Рейд тадбири давомида аниқланган ҳолатлар, афсуски, аҳоли ўртасида экологик маданият даражаси ҳали етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Қонун бузилишлари, айниқса, чиқиндиларни тасодифий жойларга ташлаш, дарё ҳудудларидан рухсатсиз қум-шағал олиш, ўсимлик қолдиқларини очиқ ҳавода ёқиш каби ҳаракатлар атроф-муҳитга катта зарар етказади, — дейди Сирдарё вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси давлат инспектори Шаҳбоз Турсунмуродов.

— Биз бу каби ҳуқуқбузарликларга қарши қатъий кураш олиб боряпмиз. Рейдларимиз мунтазам равишда давом этади. Ҳар бир фуқаро табиатга нисбатан масъулиятли муносабатда бўлиши, унинг муҳофазасига ҳисса қўшиши шарт. Чунки соғлом экологик муҳит барчамиз учун зарур бўлган ҳаётий асосдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири