Бухоро шаҳридаги 24-сон “Нурли маскан” ва 27-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур таълим муассасаларида ўқувчиларнинг касб-ҳунар ўрганишга бўлган қизиқишларини ошириш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш мақсадида дарсдан ташқари қўшимча тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.

Хусусан, ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш ҳамда мебелсозлик йўналишларида фаолият юритаётган тўгаракларда малакали мутахассислар томонидан ўқувчиларга ҳунар сирлари ўргатилмоқда. Ушбу тўгараклар нафақат болаларнинг амалий кўникмаларини шакллантиради, балки уларда меҳнатсеварлик, мустақил фикрлаш ва ижодкорлик фазилатларини ҳам ривожлантиради.
Бухоро шаҳридаги 123-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ўқувчиларнинг дарсдан ташқари бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида кулолчилик ва тикувчилик тўгараклари ташкил этилган.
Мазкур тўгараклар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш, уларни меҳнатсеварлик ва мустақил фикрлашга ўргатиш, шунингдек, келажакда жамиятда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш мақсадида йўлга қўйилган.

Кулолчилик тўгарагида ўқувчилар сопол буюмлар ясаш, уларни безаш ва бўяш каби амалий жараёнларда иштирок этиш орқали нафақат миллий қадриятларимизни ўрганмоқда, балки эстетик дидини ва ижодий тафаккурини ҳам ривожлантирмоқда.
Тикувчилик тўгарагида эса ўқувчилар турли матолардан либослар тикиш, безак бериш, нақш солиш ва тикув машинасидан фойдаланиш бўйича амалий кўникмаларни эгалламоқда. Устозлар раҳбарлигида ўтказилаётган машғулотлар болаларнинг нафақат касб-ҳунар ўрганишига, балки ўзига ишонч ва масъулиятни шакллантиришига хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.