Маълум, пластик карталар ҳар жиҳатдан қулай. Чунки харид учун чўнтакни қаппайтириб, кўп миқдорда нақд пул олиб юришнинг ҳожат йўқ.
Энг муҳими, уйда ўтириб, товар ва хизматларга интернет орқали тўлов қилиш имконияти бор. Фақат бунинг учун тўлов тизими яхши ишласа, бас.
Аммо бугунги кунда «Humo» тўлов тизими билан боғлиқ қатор муаммолар юзага келмоқда. Бу табиийки, кўпчилик юртдошларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Чунки ойлик маошлари ёппасига «Humo» пластик картага ўтказилган инсонлар бор. Аммо «Humo» тўлов тизими ҳали оммавий фойдаланишга тайёр эмаслиги маълум бўлмоқда. Мисол учун, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида, коммунал тўловларда ва савдо нуқталарида «Humo» тўлов тизими яхши ишламаслиги кузатилмоқда. «Humo» банкоматларининг камлиги, бори ҳам ишламаслиги маълум бўлмоқда.
Юқорида келтирилган вазиятларга изоҳ олиш, аҳолидан келиб тушган мурожаатларни ўрганиш мақсадида Миллий банклараро процессинг маркази директори Шуҳрат Қурбонов билан суҳбатлашдик.
- Илгари мижознинг истагига қараб “Uzcard” ёки “Humo” картаси очиб берилар эди. Танловни мижозларнинг ўзлари қилиши керак эди. Аммо сўнги пайтларда “Humo” карталарига ўтиш мажбурий кўриниш олаётгандек. Буни қандай изоҳлаш мумкин?..
- Қандай карта очишни мижоз ҳал қилади. Хоҳлаган банкига бориб, хоҳлаган картасини очади. Ҳозирги кунда хабарингиз бор, чип муаммоси «Ўзавтосаноат»да ҳам кўп кўтарилди. Картада ҳам чип бор. Ҳозир дунё бўйича чип етказиб бериш муаммоси бор. Маълумотларга кўра, баъзи бир банкларда у-бу карта етишмовчилиги бўлиши мумкин. Хоҳлаймизми-йўқми, банклар тижорат ташкилоти. Таннархидан келиб чиқиб айтсак, банкаларга "Humo” картаси арзон тушади. Шу сабабли ўз мижозларига “Humo” картасини таклиф этишаётгандир...
- Ҳозирда «Humo» тўлов тизими ҳали оммавий фойдаланишга тайёр эмаслиги маълум бўлмоқда. Қачон аҳоли тизимдан ҳар жойда, ҳар жабҳада муаммосиз фойдалана олади?..
- Бугунги кунда республика миқёсида бизнинг терминалларимиз сони 200 мингдан ошган, ҳар бир тадбиркорга етказилган, бироқ, терминални ишлатмай турадиган тадбиркорлар ҳам бор. Ўтган йилнинг охирида “Humo” терминалларини ишлатмайдиган 42 минг тадбиркорлик субъектига чора кўришини айтиб, Давлат Солиқ қўмитасидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилганмиз. Бу тадбиркорларга 2 йил олдин терминал берилган. Аммо улар буни ишлатмаяпти... Банкларнинг вазифаси терминал билан таъминлаш. Айни вақтда 9 миллиондан ортиқ «Humo» карталаридан фойдаланувчилар мавжуд. Шулардан 7 миллиондан ошиғи фаол.
- Нақд пул ечишдаги фоизлар қачон олиб ташланади? Фоизларнинг олиниши банкоматлар кўпайтирилгунча вақтинчалик чора эди, банкоматлар етарлича кўпайдими?
- Ҳозирги кунда Ўзбекистонда «Humo» тизими банкоматлари сони бўйича биринчи ўринда туради. Айни дамда 4 минг 600 та банкомат фаолият юритяпти. Бу Ўзбекистондаги бор банкоматларнинг 51 фоизидан сал ошади. Асосий банкоматлар вилоятларда. Фоиз ушлаб қолиш масаласига келсак, бу тўлов тизимининг фоизи эмас, банкнинг фоизи. Банкоматдан пул ечгани учун банк фоизини олади. Шуни ҳам айтиш ўринли, 1 фоиз ушлаб қолиш сабаб банклар бойиб кетяпти, деган фикр сал нотўғри. Чунки банкоматнинг ўзи арзон қурилма эмас. Битта банкомат ўртача 10 минг АҚШ доллари туради. Бундан ташқари, бир қатор харажатлар бор. Бу харажатларни қоплаш керак.
Шу фоизларнинг киритилиши сабаб банкоматлар сони ошди. Банкомат ишлатиш банкка ҳам, мижозга ҳам жуда яхши фойда. Илгари эсингизда бўлса, банкоматлардан пул ечишда фоиз ушлаб қолинмас эди, чунки банкоматларнинг ичида пул йўқ эди. Тўғри, ҳозир банкоматлардан пул ечиш 1 фоиз, бу кўп туйилиши мумкин. Аммо авваллари банкоматлар фақат банклар ёнида ўрнатилган, ҳозир эса кўчалар, метролар, бозорлар ва савдо нуқталарида ўрнатилган. Банкомат уйингизга яқинлашгани сайин фоиз тўлаш керак бўлади...
- Тошкент вилоятидан то Хоразм вилоятигача бўлган автомобилларга ёқилғи қуйиш, суюлтирилган газ (пропан), газ (метан) тўлдириш компрессор шохобчаларида "HUMO“ терминали йўқлиги, бундан ташқари, йўл юзидаги савдо нуқталарида ҳам ”HUMO" терминал йўқлиги фуқароларга ноқулайлик туғдирмоқда. Бунга бирор ечим борми?
- "HUMO“ тўлов тизими билан боғлиқ қатор муаммолар бор. Юқорида айтиб ўтдим, Ўзбекистон бўйича тадбиркорлик субъектларига ”HUMO“ терминаллари тарқатилган. Аммо, кўпчилик тадбиркорлар ”HUMO“ терминалидан фойдаланмаяпти. Бунга яна битта сабаб, айрим ҳудудларда интернет муаммоси бор. Интернет яхши ишламайдиган жойларда ”HUMO" терминаллари ишламайди. Натижада харидорлар тўлов билан боғлиқ муаммога дуч келяпти.
Агар Қозоғистон мисолида солиштирсак, кўрсаткичлар бизда кам. Айни дамда мамлакатимизда 4 минг 600 та банкомат борлиги қайд этилди. Аслида банкоматлар сони 10 мингдан ошиқ бўлиши керак. Ҳали қилишимиз керак бўлган иш кўп. Бу натижага эса тезда эришиб бўлмайди. Бунга вақт керак.
<iframe width="713" height="401" src="https://www.youtube.com/embed/vzzxCh32R7E" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Шаҳноза Маматуропова,
суҳбатлашди, ЎзА