Марказий банк 9 декабрь ҳолатига кўра, "Humans" мобил иловаси орқали “Octagram” АЖ томонидан олиб борилаётган барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, “Humans companies” АЖ ва “Octagram” АЖ ташкилотлари ўртасида 2025 йил 10 апрель куни 32-сонли шартнома имзоланган. Унга мувофиқ, "Humans" агент сифатида ўз мижозларига тўлов хизматларини (тўлов ва P2P пул ўтказмалари) тақдим этишни бошлаган.
Шунингдек, 2025 йил 8 декабрь куни, соат 08:30 атрофида Марказий банкка фуқаролар томонидан "Humans" иловаси орқали маблағлар ечиб олингани ҳақида мурожаатлар келиб тушди.
Ушбу ҳолат юзасидан Марказий банк ўз ваколатлари доирасида “Octagram” АЖ (Paylov – савдо белгиси) билан боғланиб, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш ва эҳтимолий заифликларни бартараф этиш мақсадида P2P амалиётларини тўхтатиш бўйича кўрсатма берган.
9 декабрь ҳолатига кўра, "Humans" мобил иловаси орқали “Octagram” АЖ (Paylov – савдо белгиси) томонидан олиб борилаётган барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилган.
Шу ўринда айтиш жоиз, Uzcard ва Humo карталари орқали амалга ошириладиган тўлов ва ўтказмалар одатий тартибда ишламоқда. Шунингдек, карталардан ташқари бошқа банк ва тўлов ташкилотлари иловаларида фойдаланиш имконияти ҳам сақланиб қолган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тезкор текширув ишлари бошланган бўлиб, барча шубҳали транзакциялар, техник жараёнлар ва платформалар ўртасидаги амалий ҳамкорлик тўлиқ ўрганилмоқда.
Регулятор картадаги пуллар ечиб олиниши бўйичи текширув ишлари бошланганини, қўшимча расмий ахборот берилишини билдирди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА