Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги “Ҳукумат соати”да қонунчилик ҳужжатларини сифатли тайёрлаш ҳамда норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги масала муҳокама қилинди. Кун тартибидаги масала юзасидан депутатларнинг саволларига адлия вазири Акбар Тошқулов жавоб берди.

— Ҳозирги кунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фонди 44 мингдан ортиқ ҳужжатни ўз ичига олади, шундан 23 мингтаси ёки 51 фоизи охирги 7 йилда қабул қилинган, — деди вазир. — Хусусан, 2016 йилга қадар ҳар йили 15-20 та қонун қабул қилинган бўлса, 2024 йилда бу рақам 125 тага етган. Бу 5 баравар ўсиш дегани. Бундай динамика фақат қабул қилинаётган қонунлар сонининг ортиши билан эмас, балки ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан комплекс таъминлаш, соҳавий ўзгаришлар тезкор ва мақсадли ҳуқуқий асослар билан мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Муҳокамаларда халқ вакиллари қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасига сифатли ва ўз вақтида киритилиши, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, ҳуқуқий ва коррупцияга қарши экспертизалардан ўтказилиш ҳолати борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида бир қатор саволларни ўртага ташлаб, вазирлик масъулларидан изоҳ сўради.
Таъкидланганидек, айрим қонун лойиҳалари палатагача етарли даражада сифатли тайёрланмаган ҳолда киритилмоқда. Вазирлик ва идораларда ҳам норма ижодкорлиги борасидаги кўникма ва масъулият даражаси ҳамон етарли эмас. Бу айниқса, Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертиза учун тақдим этилаётган қонун лойиҳаларининг сифат даражаси пастлиги орқали яққол намоён бўлмоқда. Мисол учун, вазирлик томонидан охирги бир ярим йилда 355 та қонун лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган. Уларнинг 68 таси (19 фоизи)ни қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса берилиб, ваколатли органларга киритилишининг олди олинган.
Қайд этилганидек, айрим ҳолатларда масъул идоралар томонидан Адлия вазирлигининг ҳуқуқий экспертиза хулосасида билдирилган, шунингдек, бошқа ваколатли органларнинг идоравий келишув жараёнида билдирилган асосли эътирозлари тўлиқ бартараф қилинмасдан, лойиҳалар ваколатли органларга киритилмоқда. Натижада лойиҳалар қайта ишланиб, ишлаб чиқувчиларга қайтарилмоқда. Оқибатда айрим муҳим лойиҳалар Қонунчилик палатасига кечикиб киритилмоқда. Қонунчилик палатаси қонун лойиҳаларини қайтариш ҳуқуқидан фойдаланмасдан, лойиҳаларни бевосита палатада қайта ишлашга мажбур бўлмоқда. Депутатларнинг саъй-ҳаракати билан кўплаб қонунлар мазмунан бойитилиб, ҳуқуқий жиҳатдан маромига етказилмоқда.
Коррупцияга қарши экспертиза бўйича ҳам махсус қонун асосида амалдаги ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тизими яратилди, давлат органларига аниқ вазифа ва ваколатлар берилди.

“Ҳукумат соати”да депутатлар қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида жамоатчилик муҳокамаси институтидан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан ҳам қизиқдилар.
Бу борада ўтган даврда вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган 110 та қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилгани маълум қилинди. Статистикага кўра, ҳар ойда ўртача 1000 та одам жамоатчилик муҳокамасида иштирок этади ва лойиҳалар билан танишади. Сўнгги бир йилда жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилган қонунчилик ҳужжатлари бўйича 852 та таклиф билдирилган. Regulation.gov.uz порталида жамоатчилик муҳокамаси давомида берилган таклиф ва эътирозларни вазирлик ва идоралар томонидан мажбурий равишда кўриб чиқиш ва муносабат билдириш, шунингдек, лойиҳанинг жамоатчилик муҳокамаси якунлангач, уларни кўриб чиқиш жадвалини бевосита ҳамма кўриши учун эълон қилиш каби қўшимча имкониятлар яратилган.
Муҳокамаларда қонун ижодкорлиги соҳасида сунъий интеллект технологияларини жорий этишда зарур шарт-шароитларни таъминлаш, вазирликнинг ҳуқуқий экспертиза хулосаси таъсирчанлигини ошириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида олимлар, экспертлар ҳамжамияти салоҳиятидан унумли фойдаланиш механизмларини яратиш жамоатчилик муҳокамалари юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА