Ҳудудларда йўл ҳаракати хавфсизлигига оид ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи, полковник Абдувосит Абдуразаков раҳбарлигида таҳлилий тақдимот йиғилиши ўтказилди.
Асосий эътибор Президентимиз раҳбарлигида жорий йил 9 июль куни ўтказилган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросига қаратилди. Хусусан, тирбандликларни камайтириш ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди.
Тақдимот давомида вилоят ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари таҳлил қилиниб, уларнинг асосий сабаблари, содир бўлган жойлар географияси, иштирокчи тоифалари ва жабрланувчилар ҳақида маълумотлар келтирилди. Жумладан, пиёдалар билан боғлиқ ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Айниқса, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар қаторида хавфли деб топилган йўл кесишмаларида светофорлар ва йўл белгилари янгилангани, пиёдалар ўтиш жойлари аниқ белгилаб чиқилгани, қўшимча ёритиш воситалари ўрнатилгани таъкидланди.
Шунингдек, сунъий интеллект асосида бошқариладиган “ақлли” светофорлар, видеокузатув камералари жорий этилиши орқали ҳаракат оқимини тартибга солиш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур тажриба синов тариқасида Нурафшон шаҳри марказидаги автомобиль йўлида қўлланилди.
Ушбу тизим кечки ва тунги пайтларда пиёдалар йўлга чиққан заҳоти автоматик тарзда ҳайдовчиларга “Диққат пиёда” ёзуви орқали огоҳлантириш беради. Махсус проекторлар ёрдамида йўл устида белгиларнинг асини кўрсатади. Шу билан бирга пиёдалар ўтиш жойи янада кўринадиган бўлади. Бу эса ҳайдовчиларнинг ҳушёрлигини ошириб, пиёдаларнинг ҳаракатига қулайлик яратади. Бу тизим муваффақиятли бўлса келгусида бошқа туман-шаҳарлар ва вилоятларда ҳам жорий қилиниши кутиляпти.

Шу билан бирга, Мактаб ва боғчаларда эса болалар ўртасида йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш бўйича мақсадли тарғибот ишлари ташкил этилмоқда.
Йиғилишда келгусида амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар ҳам муҳокама этилди. Жумладан, транспорт оқимини таҳлил қилиш, йўл тармоқларини рақамли бошқарув тизимларига улаш, жамоат транспорти ҳаракатини оптималлаштириш ва тирбандликларни камайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдим этилди.
Таъкидланганидек, фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигини асраш, жамоат хавфсизлигини таъминлашда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу боис бу йўналишдаги ишлар тизимли ва изчил тарзда давом эттирилади.
А.Мусаев,ЎзА