Ҳудудларда таълим имкониятлари кенгаймоқда
Наврўз умумхалқ байрами арафасида ёшлар учун янги таълим масканлари очилди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети томонидан Ангрен шаҳрида янги факультет ҳамда хорижий тилларни ўқитиш маркази тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Мазкур ҳудудда ташкил этилган янги факультет дастлаб 154 нафар талаба билан фаолият бошлаган бўлиб, ҳозир бу ерда 20 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар дарс бермоқда. Замонавий талабларга жавоб берадиган ўқув биноси 1 минг 500 нафар талабага мўлжалланган. Шу билан бирга, 600 ўринли талабалар тураржойи ҳам тўлиқ таъмирланиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди.



Очилиш маросимида университет ректори Илҳомжон Тўхтасинов, Ангрен шаҳар ҳокими Алишер Райимов сўзга чиқиб, ушбу янги масканлар Тошкент вилояти ёшлари учун сифатли таълим олиш, хорижий тилларни чуқур ўрганиш ҳамда келажакда рақобатбардош мутахассис бўлиб етишиш йўлида муҳим қадам эканини таъкидлади. Тадбирда иштирок этган ҳудуд масъуллари, олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари, ёшлар ва меҳмонлар яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, факультет ҳудудида бирга дарахт кўчатлари экди.


Яна бир муҳим ташаббус сифатида “Миграция ва хорижий тилларни ўқитиш маркази” ҳам ишга туширилди. Ушбу марказ хорижда ишлашни режалаштираётган фуқаролар учун бепул таълим бериб, уларни халқаро меҳнат бозори талабларига мос ҳолда тайёрлашни мақсад қилган. Бундан ташқари, Ангрен шаҳридаги 2-сонли умумтаълим мактабида ҳам “Хорижий тилларни ривожлантириш ва ўқитиш маркази” очилиб, мактаб ўқувчилари учун янги имкониятлар яратилди.

Мазкур ташаббуслар Тошкент вилоятида таълим сифатини ошириш, ёшларнинг билим олишга бўлган қизиқишини кучайтириш ҳамда уларни замонавий касбларга йўналтириш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
А. Мусаев, ЎзА