Республикамизнинг барча ҳудудларида жорий йил 15 июлдан 15 августга қадар “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик ойлиги тадбирлари ўтказилмоқда.
Навоий вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан жамоат тартибини сақлашга масъул ходимлар, шаҳар ва туман ИИБ бошлиқлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ҳамкорлигида мазкур ойлик доирасида барча маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларнинг профилактикасини таъминлаш бўйича манзилли чора-тадбирлар белгиланиб, тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.
Жумладан, “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари жараёнида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида тунги назорат-рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
– Масъул ходимларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида Самарқанд–Бухоро йўналишида ҳаракатланиб келаётган, “Onix” русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда йўловчи сифатида кетаётган карманалик 29 ёшли фуқаронинг ёнида 3,5 грамм оқ рангли, кукунсимон гиёҳванд моддаси борлиги аниқланди, – дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимов.– Шунингдек, Конимех туманида олиб борилган тезкор тадбирлар давомида туманда яшовчи фуқаро 99 грамм ўткир ҳидли, “Марихуана” гиёҳвандлик моддасига ўхшаш моддани 3 миллион сўмга сотаётганда ушланди. Шундан сўнг, ушбу фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда 2 кг 774 грамм “Марихуана” гиёҳвандлик моддаси топилиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Тезкор-профилактик ойликка бириктирилган ходимлар томонидан Нурота туманида ҳам тадбирлар ўтказилиб, 2 нафар фуқаро 16 грамм миқдоридаги яшил рангли, ўзига хос ўткир ҳидли “Марихуана” гиёҳвандлик моддасига ўхшаш моддани 1,2 миллион сўмга сотаётганда далилий ашёлар билан қўлга олинди.
Жойларда олиб бориладиган манзилли тезкор-профилактик тадбирлар жараёнида карманалик 59 ёшли фуқаронинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда унинг томорқа экинлари орасида 11 туп марихуана ўсимлигини ноқонуний тарзда экиб, парваришлаб келаётгани маълум бўлди.
Шунингдек, 1990 йилда туғилган қизилтепалик аёл ўзи яшаб турган хонадон томорқасида 76 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини парваришлаб келаётгани аниқланди ва ўсимлик поялари тегишли тартибда расмийлаштирилиб, холислар иштирокида йўқ қилинди.
Хатирчи туманида истиқомат қилувчи 27 ёшли аёл эса танишидан шахсий маълумотларни тарқатиб, шарманда қилмаслик эвазига 700 миллион сўм пул беришини талаб қилади ва ушбу пулнинг 50 миллион сўмини олаётганда далилий ашёлар билан қўлга олинади. Ҳозирда, аниқланган юқоридаги ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга ўтказилган назорат-рейдлар давомида жами 475 та тиғли ва ҳаёт учун хавфли бўлган бошқа буюмлар аниқланиб, далолатнома асосида расмийлаштирилиб олинди ва ҳолат юзасидан фуқаролар билан тушунтириш ишлари амалга оширилди.
Маҳаллаларда ёшлар, аёллар ва ишсиз фуқаролар ўртасида оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига янгича иш услубларини татбиқ қилган ҳолда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, хавфсиз муҳит яратишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари иштирокида йўриқномалар ташкил этилди.
Маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш ва барҳам бериш бўйича жойларга чиққан ҳолда мақсадли ўрганишлар орқали хонадонларга борилиб, уларнинг мавжуд муаммолари ўрганилиб, бартараф этиш ишлари самарали амалга оширилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири