Тошкент вилояти судлари ва вилоят маъмурий судининг жорий йил биринчи чоракдаги фаолияти якунлари бўйича брифинг ўтказилди. Унда Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони талаблари асосида вилоят суди раисининг фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича ўринбосарлари, шунингдек, вилоят маъмурий суди раиси ўринбосари томонидан атрофлича маълумот берилди.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида жами 12 минг 616 та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,9 фоизга кўпайган. Бундан ташқари, фуқаролик судларига жами 40 минг 57 та ариза келиб тушган бўлиб, уларнинг 15 минг 54 таси қайтарилган ёки қабул қилишдан рад этилган. 24 минг 955 таси бўйича суд буйруқлари чиқарилган.

Булар асосан коммунал тўловлар, газ ва электр таъминоти бўйича қарздорликларни ундириш юзасидан қабул қилинган. Чиқарилган суд буйруқлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизга кўпайган. Жорий йил бошидан бери жойларда ташкил этилаётган сайёр қабулларда ҳам кўплаб мурожаатларга ечим топилмоқда.
Мазкур жараёнларда масъул мутахассислар аҳолига ҳуқуқий тавсиялар берилиб, ижроси кўп вақт талаб қиладиган масалалар ҳам назоратга олинмоқда.

А.Мусаев, ЎзА