Ватанимиз тарихидаги 17 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1394 йил (бундан 629 йил олдин) – Эронда беш йиллик юришда бўлган Амир Темур пойтахтда ва бошқа ҳудудларда аҳвол қандайлигини назорат қилиш учун ўғли Шоҳруҳ Мирзони Самарқандга жўнатди.
1726 йил (бундан 299 йил олдин) – Россия империяси Олий махфий кенгаши Россиядан Хивага савдогарларни жўнатиш хиваликлар учун ҳам, Хивадаги россияликлар учун ҳам фойда келтиради, ахир савдонинг тақиқланишидан ҳам хазина, ҳам савдогарлар зарар кўрмоқда, деган хулосага келди. Бунга сабаб бироз олдинроқ Петербургга хивалик элчи Субҳонкулибек ташриф буюриб, рус ҳукумати олдига Россия билан Хива ўртасида савдо муносабатларини қайтадан юргизиш масаласини қўйган эди.
1897 йил (бундан 128 йил олдин) – Туркистон тизмасининг шимолий этагида соат 15 яримларда Ўратепа зилзиласи содир бўлди. Унинг кучи Ўрта Осиёнинг катта қисмида сезилган. Ер қимирлаш марказида (Ўратепа яқинида) магнитудаси 6,6, кучи 8 баллга етган. Орадан 2 соат ўтгач, зилзила деярли шундай куч билан яна такрорланган.
Зилзила зарбидан кўплаб қишлоқлар вайронага айланди. Олдинги зилзиладан шикаст кўрган бир қанча иморатлар такрорий зилзилада бутунлай бузилган. Айниқса, Самарқанддаги Регистон майдонида жойлашган Улуғбек мадрасасига катта зарар етган. Кейинги йилларда Туркистон-Нурота тоғларида бир қанча зилзилалар қайд қилинган. Шулардан энг кучлиси 1898 йилда Зоминда 8 балли, 1923 йилда Ўратепада 7 балли ва 1955 йилда Жиззахда 6–7 балли ер қимирлашлар содир бўлган.
1907 йил (бундан 118 йил олдин) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор таваллуд топди (вафоти 1968 йил). Унинг ижоди шеърият билан бошланган бўлса-да, адабий мероси негизини насрий асарлар ташкил этади. Абдулла Қаҳҳор ижодий ҳаёти давомида 40 дан зиёд асар эълон қилган. У 2000 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.
1912 йил (бундан 113 йил олдин) – “Турон” газетасининг шу кунги сонида А.Ф. (Айн. Фе.) имзоси билан “Фақир талабаларнинг ҳоли” сарлавҳали мактуб босилди. Унда муаллиф Бухорода мадрасалар кўп бўлганига қарамай, талабаларга ҳужра етишмаслиги ҳақида фикр юритган. Муаллифнинг ёзишича, айрим кишилар мадрасалардаги ҳужраларни эгаллаб олиб, кейин уни фақир талабаларга ижарага беришади. Ижарадор кимса талабаларга оғир шартлар қўяди, бу эса ачинарли ҳолларга олиб келган.
1920 йил (бундан 105 йил олдин) – Бухоро республикасида амирлик даврида мавжуд бўлган барча китоб, ўқув-ёзув асбобларини Маориф нозирлиги ихтиёрига топшириш, маориф назоратининг рухсатисиз уларни хорижга олиб чиқиш ва сотиб олишни ман қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилди.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) – Шарқий Бухородаги Корақамиш қишлоғида Бухоро қўрбошилари ўзларининг биринчи қурултойларига тўпланишди. Бу қурултойни Давлатмандбек ва Эшон Султон уюштирди. Архив ҳужжатларида ёзилишича, Қорақамиш қишлоғига Дарвоз ва Кўлобдан етиб келганларнинг миқдори 7000 кишидан кам эмас эди. Бу қурултойда Иброҳимбек Бухоро қўрбошиларининг Бош қўмондони этиб сайланди.
1937 йил (бундан 88 йил олдин) – селекционер-генетик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Остон Жалилов таваллуд топди (вафоти 2014 йил). У селекция ишларида нурланишдан фойдаланиш усулини таклиф этди, 15 дан ортиқ ғўза навларини яратди.
1945 йил(бундан 80 йил олдин) – адабиётшунос олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Бахтиёр Назаров таваллуд топди (вафоти 2022 йил). Унинг тадқиқотларида Фитрат, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов маҳорати ўрганилган. У Ойбекнинг 20 жилдли Мукаммал асарлар тўпламини нашрга тайёрлашда қатнашган.
1970 йил(бундан 55 йил олдин) – футболчи, мураббий,Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, “Ўзбекистон ифтихори” Миржалол Қосимов таваллуд топди. У “Шуҳрат” медали, “Фидокорона хизматлари учун” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан мукофотланган.
1991 йил (бундан 34 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларини ҳамда халқ таълими системасини партиядан холи этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармонда: “Белгилаб қўйилсинки, республика давлат аппарати идораларида ва халқ таълими системасида сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг ташкилий тузилмалари ташкил этилишига бундан буён йўл қўйилмайди”, – деб алоҳида таъкидланди.
1991 йил (бундан 34 йил олдин) – Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Адабиёт институтига Алишер Навоий номи берилди.
2007 йил (бундан 18 йил олдин) – Тошкент шаҳрида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Каҳҳор ҳайкали очилди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тест тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА