Хотин-қизларга юксак эҳтиром
Бухорода 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди. Унда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган нуроний онахонлар, жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган хотин-қизлар, турли соҳаларда меҳнат қилаётган фидойи аёллар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида тантана қатнашчиларига вилоят ҳокимининг байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Табрикда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, оила ва жамият ҳаётидаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хотин-қизларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Бугунги кунда аёлларимиз турли соҳа ва тармоқларда самарали меҳнат қилиб, Ватанимиз, шу жумладан, Бухоро вилоятининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда бошқарув тизимида хотин-қизлар улуши сезиларли даражада ошган. Масалан, 2017 йилда вилоятда бошқарув соҳасида хотин-қизлар улуши ўртача 20 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 31 фоизга етган. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари аъзоларининг 36,7 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Шунингдек, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари аппаратларида 63 нафар хотин-қиз раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият кўрсатмоқда.
Аёлларнинг давлат бошқаруви ва жамият ҳаётидаги иштироки ортиб бораётгани, уларнинг билим ва салоҳияти мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Ақл-заковатли, билимли ва ташаббускор хотин-қизларимиз давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида ўзининг муносиб ўрнини топиб, ёш авлод учун ибрат бўлиб хизмат қилмоқда.
Спорт соҳасида ҳам бухоролик қизлар юксак натижаларга эришмоқда. Ўтган йил давомида халқаро мусобақаларда мамлакатимиз делегацияси таркибида иштирок этган вилоят спортчи аёлларидан 24 нафари совринли ўринларни эгаллади. Маданият ва санъат соҳасидаги нуфузли халқаро танловларда 20 нафар, мамлакат миқёсидаги турли кўрик-танловларда эса 56 нафар истеъдодли қиз ғолибликни қўлга киритди.
Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар ҳам ўз самарасини бермоқда. Хусусан, ҳар бир маҳалладаги ҳолат чуқур ўрганилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд 61 минг 537 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилди. Ўтган йил давомида улар билан манзилли иш олиб борилиб, ногиронлиги бўлган 17 минг нафардан ортиқ аёллар ва уларнинг қарийб 14 минг нафар фарзандларига санаторий ва шифохоналарда тиббий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, боқувчисини йўқотган 8 минг 423 нафар хотин-қизга моддий ёрдам ажратилди, 77 нафар аёлнинг уй-жой шароити яхшиланди. Қарийб 102 минг нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. 1866 нафар аёл тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бизнес фаолиятини бошлаётган 643 нафар хотин-қизга зарур асбоб-ускуналар сотиб олиш учун 6 миллиард сўмдан ортиқ субсидия ажратилди.
Касб-ҳунарга ўқитиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятдаги касбга ўқитиш марказлари орқали 21 минг 585 нафар хотин-қиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарлар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилиб, уларга малака сертификатлари берилди. Шунингдек, узоқ муддатли ер ажратиш ҳисобига 61 минг нафар хотин-қизга деҳқон хўжалигини ташкил этиш имконияти яратилди.
Хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш масаласи ҳам доимий эътиборда. Чунки соғлом аёл соғлом оила ва барқарор жамият гаровидир. Шу мақсадда вилоятдаги 14 та туғруқ муассасаси замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Бундан ташқари, жорий йилда 162 минг 607 нафар хотин-қиз ўртасида саратон касалликларини эрта аниқлаш мақсадида тиббий скрининг текширувлари ўтказилди.
Таълим соҳасида ҳам аёлларнинг фаоллиги тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда вилоятдаги 10 та олий таълим муассасаси талабаларининг 52 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Ўтган йилнинг ўзида магистратура босқичида таҳсил олаётган 4116 нафар хотин-қизнинг контракт тўловлари давлат томонидан қоплаб берилди. Ҳозирги вақтда 1806 нафар хотин-қиз илмий фаолият билан шуғулланмоқда. Илмий ишланмаларнинг 77 фоизи олима аёллар томонидан яратилаётгани эса уларнинг илм-фан соҳасидаги салоҳияти юксак эканидан далолат беради.
Албатта, оила юмушлари ва фарзанд тарбияси билан бирга, турли соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилаётган опа-сингилларимизнинг хизматини муносиб қадрлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Хусусан, ўтган 2025 йилда мамлакатимизда турли байрамлар муносабати билан 16 нафар хотин-қиз давлат мукофотлари билан тақдирланди.
[gallery-28037]
Мазкур анъана жорий йилда ҳам давом эттирилиб, Президентимизнинг “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Бухоро вилоятидан 3 нафар аёл давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан, 2 нафар истеъдодли қиз эса Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди.
Баҳор, нафосат ва гўзаллик байрамига бағишланган тантана санъат усталари ҳамда машҳур эстрада хонандалари иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА