Статистик маълумотларга кўра, 2025 йил биринчи ярмида республика бўйича 48 мнг 303 тазйиқ ва зўравонлик ҳолати қайд этилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 121 фоизга кўпдир.
Энг кўп ҳолатлар Тошкент вилоятида 9 минг 414, Бухоро вилоятида 5 минг 612, Қашқадарё вилоятида 5 минг 268 ва Андижон вилоятида 4 минг 808 ҳолат қайд этилган. Шу даврда 930 нафар аёлга такрорий ҳимоя ордерлари берилган.
Кўриниб турибдики, қабул қилинган қонунлар ва чораларига қарамай, сўнгги йилларда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари ошиб бормоқда.
Шу сабабли, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар,маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Малика Қодирхонова Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамовага сенатор сўрови юборди.
Сенатор сўровида қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тазйиқ ва зўравонликка олиб келувчи сабабларни аниқлаш, профилактик ишларни кучайтириш, ваколатли органлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва маҳаллаларда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка муросасизлик муҳитини шакллантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар тақдим этиш сўралган.
Н.Абдураимова, ЎзА