
Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг март ойида “Хотин-қизларга ҳуқуқий кўмак” акцияси ўтказилди. Акция доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Қиличев маълумот берди:
– Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида“ги фармонига кўра, ҳар чоракда камида бир маротаба ҳуқуқнинг муайян соҳалари бўйича манзилли ҳуқуқий акциялар ўтказиш белгиланган.
Қарор ижроси доирасида Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг март ойида “Хотин-қизларга ҳуқуқий кўмак” акцияси ташкил этилди.
Акция доирасида адлия органлари томонидан 1 минг 418 оммавий ва сайёр қабуллар ташкил этилди. Уларнинг 800 га яқини маҳаллаларда, 400 дан ортиғи тегишли ташкилот ва муассасалар биноларида ҳамда бошқа жойларда ташкил қилинди.
Қабуллар давомида 39 мингдан ортиқ фуқаро иштирок этди. Уларнинг 25 минг нафардан ортиғига ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 13 минг нафардан ортиқ хотин-қизларнинг муаммолари ижобий ҳал этилиши таъминланди.
Акция давомида жойларда “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркалари ҳам ташкил этилиб, 532 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Мингдан ортиқ хотин-қиз бепул касбга тайёрлов курсларида ўқитиш учун жалб этилди.
Акция доирасида давлат таълим муассасаларида 3 минг 409 маротаба, соғлиқни сақлаш муассасаларида эса 1 минг 96 маротаба хотин-қизлар билан учрашувлар ташкил этилди.
Маҳаллаларда 534 марта “Адлия куни” тадбирлари ташкил этилиб, 68 мингдан ортиқ хонадонда бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқий муаммолари ўрганилди.
Акция доирасида жойларда фуқароларга сайёр тартибда хизматлар кўрсатилди. Аҳолига 13 мингдан ортиқ сайёр тартибда хизматлар, жумладан, давлат хизматлари, нотариус, ФҲДЁ ва бошқа хизматлар кўрсатилиши таъминланди.
Мазкур ҳуқуқий акция доирасида телевидение, радио ва ижтимоий тармоқларда 970 дан ортиқ чиқиш ташкил қилинди. Хотин-қизлар реабилитация марказларида, жазони ижро этиш муассасаларида, маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида ва бошқа жойларда 16,7 мингдан ортиқ семинар, маъруза ва давра суҳбатлари ўтказилди. Уйма-уй юрган ҳолда 1 минг 720 хонадонда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил қилинди.
Аҳоли гавжум жойлар ҳамда маҳаллаларда 18 мингдан ортиқ буклет, флаер, инфографикалар кенг аҳоли қатламига тарқатилди. Хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича 3 та совринли викторина ташкил қилинди.
Хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимларини ошириб бориш мақсадида ижтимоий тармоқлардаги расмий каналларида шу жумладан, “Ҳуқуқий ахборот” телеграм каналида хотин-қизларга берилган имтиёзлар ва уларнинг ҳуқуқларига оид маълумотлар кенг ёритиб борилди.
Аёллар ҳуқуқлари бўйича тўртта ижтимоий ролик тайёрланиб, ижтимоий тармоқлар ҳамда ОАВ орқали кенг ёритилди.
“Ҳуқуқий ахборот” телеграм каналида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик муносабатлари вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети профессорлари ва бошқа мутахассислар иштирокида тўрт марта аудиоподкаст ташкил қилинди. Аудиоподкастда уч мингдан ортиқ канал аъзолари иштирок этди.
Хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимини масофадан интерактив усулда ошириш мақсадида курслар (huquqiyportal.uz)да аёллар ҳуқуқи бўйича 10 та дарсдан иборат алоҳида бўлим яратилган бўлиб, мазкур онлайн ўқув курсларида 700 га яқин хотин-қиз мустақил ўқитилди ва уларга сертификатлар берилди.
Адлия вазирлиги бундай акциялар ўтказишни давом эттиради.
Н.Абдураимова, ЎзА