Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Хотин-қизларнинг пиллачилик соҳасидаги бандлигини босқима-босқич таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Хотин-қизларни пиллачилик соҳасида қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитиш ва уларни соҳага жалб қилишнинг асосий параметрлари;
Хотин-қизларни пиллачилик соҳасида қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитиш ва уларнинг соҳага бандлигини босқичма-босқич таъминлаш тизимини ташкил этиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
Қарорга кўра, асосий параметрлар доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар 2025 йилда Давлат бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади.
Асосий параметрларга мувофиқ қисқа муддатли ўқув курсларини тамомлаган хотин-қизларнинг бандлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида бозор механизмларини жорий қилишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2024 йил 3 майдаги ПФ-72-сон Фармонига мувофиқ устувор равишда 105 минг гектар ер майдонида янги тутзорлар барпо этиш ва дала четларида янги тут кўчатлари экиш ҳисобига ҳамда пиллачилик кластерлари, ипак қурти уруғчилиги корхоналари, пиллачилик ва тутчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига мавсумий ҳамда доимий ишларга қабул қилиш орқали таьминланади.
Қарорда хотин-қизларнинг пиллачилик соҳасида қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш учун вактинчалик жой ажратиш, Хитой, Вьетнам, Ҳиндистон ва Япония давлатларидан ипакчилик соҳасидаги мутахассисларни ўқув курсларига жалб қилиниши белгиланган.
Пиллачилик соҳасида банд бўлган фуқароларнинг маълумотлари “yangiish.mehnat.uz” платформасига киритиб борилади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси асосий параметрларга мувофиқ пиллачилик соҳасида қисқа муддатли ўқув курсларини тамомлаган хотин-қизларнинг доимий ва мавсумий ишларга қабул қилинганлиги ҳисобини “yangiish.mehnat.uz” платформаси орқали юритиб боради.
ЎзА