Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова хизмат ташрифи билан Жиззах вилоятининг Арнасой туманга бўлди.
Ташриф доирасида хотин-қизлар, ёшлар ва оила институтига оид долзарб масалалар бўйича очиқ мулоқотлар, жойлардаги ҳолатни ўрганиш ҳамда янги таклиф ва ташаббусларни муҳокама қилиш режалаштирилган бўлиб, дастлаб туман ҳокимлигида кенг қамровли учрашув ўтказилди.

Йиғилишда эрта турмуш қуриш ҳолатларининг олдини олиш, фуқаролик ва шаръий никоҳ маданиятини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликка кенг жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Мулоқотда Жиззах вилояти, Арнасой туман ҳокимликларининг вакиллари, хотин-қизлар фаоллари, маҳалла раислари, нуроний отахон ва онахонлар, таълим ҳамда тиббиёт соҳаси ходимлари иштирок этишди.
Фикр алмашувлар жараёнида оилавий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳаллада аёллар фаоллигини ошириш, ёшларни маънавий тарбиялашга доир аниқ таклифлар билдирилди.

Бош вазир ўринбосари таъкидлаганидек, бугунги кунда оила мустаҳкамлиги ва хотин-қизлар манфаатини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Бу соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 мартдаги “Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ги қарори муҳим аҳамият касб этади. Мазкур ҳужжат маҳаллаларда оилавий муносабатлар ва миллий қадриятларни асраш бўйича мутахассислар фаолиятини тизимли йўлга қўйишга замин яратди.

– Оила – жамиятнинг қуввати, оналар эса унинг қалбидир. Ҳар бир хонадонда меҳр, эътибор ва маънавият устувор бўлса, мамлакатнинг келажаги ҳам мустаҳкам бўлади. Маънавий соғлом муҳит болаларнинг онги ва қалбида эзгуликни шакллантиради, турмушда масъулият ва меҳр-оқибат туйғусини кучайтиради. Шу боис ҳар бир хонадонда муҳаббат, ҳурмат ва тушуниш муҳити қарор топиши жамият тараққиётининг асосий шартидир, – дея таъкидлади Зулайҳо Маҳкамова.
Мулоқотдан сўнг, Бош вазир ўринбосари тумандаги бир қатор ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Шулардан бири – “Real Hunter” масъулияти чекланган жамияти бўлиб, у ерда паррандачилик, балиқчилик ва қирғовул питомниги йўналишларида ишлаб чиқариш кенгаймоқда.

Бош вазир ўринбосари ишлаб чиқариш жараёнида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Ташриф давомида Зулайҳо Маҳкамова Айдар-Арнасой туристик ҳудудига ҳам борди. У ерда яратилган инфратузилмалар, хизмат кўрсатиш сифати ва янги туристик имкониятлар билан яқиндан танишди. “Arnasoy Resort” санаторийсидаги шароитлар, маҳаллий аҳоли ва тадбиркорлар билан мулоқот орқали ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш бўйича ўз фикрларини билдирди.

Ташриф якунида Бош вазир ўринбосари хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ва маҳаллада маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича амалий чора-тадбирларни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Туман раҳбарияти ва мутасаддиларига аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Арнасойга уюштирилган ушбу ташриф халқ билан юзма-юз мулоқот, муаммоларни ечиш ва янги имкониятлар эшигини очиш жараёни бўлди. Зеро, барқарор оила ва фаол аёл – жамиятнинг ҳақиқий қудрати, миллат маънавиятининг негизи, келажак пойдеворидир.
Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамованинг хизмат ташрифи давомида унга Арнасой туман ҳокими Одил Мусанов ҳамда Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнора Нормуродовалар ҳамроҳлик қилишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари