Бухоро туманидаги “Саховат” маҳалла фуқаролар йиғинида Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш маркази ўз ишини бошлади.
Очилиш маросимида иштирок этган туман ҳокими йиғилганларга хотин-қизларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларини эгаллашига кўмаклашиш зарурлиги тўғрисида гапирди.
–Касаначиликни ривожлантириш орқали оила бюджети даромадини ошириш, уй меҳнатидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш асосий мақсадимиз – дейди туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Ш.Баротова. – Шунингдек, иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар сонини қисқартириш, маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари фаолиятини йўлга қўйишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Саховат” маҳалла фуқаролар йиғини биносида Президентимизнинг “Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш маркази ҳам ўз ишини бошлади.
[gallery-14382]
–- Ҳозир 20 нафар “Аёллар дафтари”да турган хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Бундан маҳалламиз аёллари беҳад мамнун, – дейди “Саховат” маҳалласи хотин-қизлар фаоли Феруза Ҳасанова.
Тадбир доирасида маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари фаолиятини намунали йўлга қўйганлиги учун бир гуруҳ хотин-қизлар фаоллари “Хотин-қизлар бандлигини таъминлашда энг ташаббускор маҳалла фаоли” номинацияси билан тақдирланди.
Тадбир сўнггида маҳалла биноси олдида “Оналар боғи” ташкил қилиш мақсадида мевали дарахт кўчатлари экилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари