English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хориж хабарлари: АҚШ, Украина ва Россия раҳбарлари Абу-Дабида уч томонлама музокаралар ўтказади (+видео)

Дунёда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларнинг айримларини сизга «ХОРИЖ ХАБАРЛАРИ» дастури орқали етказамиз. АҚШ, Украина ва Россия ўртасидаги Абу-Даби музокаралари, Янги Зеландиядага кўчки, Венесуэлада нефть соҳасидаги тарихий қарор, Индонезиядаги самолёт ҳалокати ва бошқа долзарб халқаро янгиликларнинг тафсилотлари бугунги кўрсатувимизда.

<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/wkk06GLv-Wc?si=WRN-2wDbSCqm-tPq" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

АҚШ, Украина ва Россия раҳбарлари Абу-Дабида уч томонлама музокараларга йўл олди.

23–24 январь кунлари БААда бўлиб ўтадиган учрашувнинг асосий мақсади Украинадаги урушни якунлаш ва томонлар ўртасида дипломатик келишувга эришишдан иборат. Музокараларда ҳарбий тўқнашув оқибатлари, ҳудудий хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда тинчликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинади. Экспертлар ушбу учрашувни минтақавий барқарорлик йўлида муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.

Янги Зеландияда йирик кўчки

Шимолий оролда, Маунгануи тоғи яқинида содир бўлган кўчки оқибатида бир нечта уй ва инфратузилма зарар кўрди. Фавқулодда хизматлар қутқарув ишларини олиб бормоқда. Бедарак йўқолганлар орасида ўсмирлар ҳам бор. Маҳаллий аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган.

Венесуэла нефть соҳасини хусусийлаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда

Венесуэла Миллий ассамблеяси хорижий компанияларга, жумладан АҚШ корхоналарига мамлакат нефть ресурсларига кириш имконини беришни назарда тутувчи тарихий қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Мутахассислар ушбу ташаббус иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва хорижий сармояларни жалб этиш учун муҳим деб баҳоламоқда.

Индонезияда йўқолган самолёт ҳалокати тасдиқланди

Жанубий Сулавеси ҳудудида йўқолган АТР 42–500 русумли самолёт қолдиқлари топилди. Бортда бўлган 7 нафар экипаж аъзоси ва 3 нафар йўловчининг барчаси ҳалок бўлгани расман тасдиқланди. Самолёт балиқчилик фаолиятини назорат қилиш вазифасини бажараётган эди.

Перуда президент импичмент хавфи остида қолди

Президент Хосе Жерининг хитойлик тадбиркорлар билан махфий учрашувлар ўтказгани акс этган видеолар тарқалиши мамлакатда сиёсий инқирозга сабаб бўлди. Парламент аъзолари импичмент жараёнини бошлаш масаласини кўриб чиқмоқда.

Чехияда экологик таҳдид: ичимлик суви хавф остида

Чехиянинг Жанубий Моравия минтақасида жойлашган Подийи миллий боғида сигир гўнги сақланадиган резервуар ёрилиши оқибатида тахминан 3 минг куб метр чиқинди Дие дарёсига оқиб тушди. Расмийларга кўра, зарарли моддалар миқдори меъёрдан тўрт баробар юқори.

Жанубий Хитой денгизида юк кемаси чўкди

Сингапур байроғи остидаги юк кемаси ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлган, тўрт киши бедарак йўқолган. Қутқарув ва излаш ишлари давом этмоқда.

Нозимбек Мардонов, Ойбек Давронов ЎзА