“BBC Travel” мухбири юртимизнинг туризм салоҳияти ҳақида сўз юритаркан, диққат марказини кўҳна Самарқанд ва Бухородаги миноралардан Фарғона водийсига қаратди. Журналистнинг фикрига кўра, ўлкада туризм мислсиз суръатда ривожланаётган бўлсада, ҳақиқий маданий нафас серҳосил, аммо кўп сайёҳлар ҳали кашф қилиб улгурмаган мана шу яшил маконда уриб турибди.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон қадимий Ипак йўли меросини замонавий туризм сифатида ривожлантирмоқда: визалар енгиллашди, авиақатновлар кўпайди, сайёҳлар учун йирик имкониятлар йўлга қўйилди, -дейилада мақолада.

Муаллифнинг ёзишича, Тяншань ва Олой тоғ тизмалари орасидаги бу кенг водий асрлар давомида ипакчилик, кулолчилик ва мева етиштириш билан машҳур. Марғилонда тўқилган ипак матолари бутун республика бўйлаб бош кийим, рўмол ва замонавий либос тайёрлашда ишлатилади. Риштонда тайёрланган сирланувчи кулолчилик буюмлари эса деярли ҳар бир уйда бор. Водийнинг гилос, анор, қулупнай, ўрик каби мевалари ўзбекона меҳмондўстликнинг ажралмас қисми.

Фарғонагакелган ҳар бир сайёҳнинг кўзи аввало, узумларни елкасига ортган деворлар, ариқ бўйларида мева юваётган келинлар, ғайрати ичига сиғмайдиган кампирларнинг тут силкитаётганига тушади. Бозорлари “баҳор ҳиди”га тўла. Сотувчилардан бири “аввал оиламиз учун, кейин бозор, ортгани экспортга,” дея таъкидлайди. Серқуёш кунлар ушбу меваларга ўзгача ширинлик ва хушбўйлик бағишлайди.

Марғилон вокзалидаги кичик растада олтин қирраланган кўк сопол косада янги узилган тут, сотувчи аёл бошида ёрқин ипак рўмол. Шу манзара “BBС” мухбирининг кўз ўнгида ипак, керамика ва меванинг бевосита ҳаётга сингиб кетганини ифодалайди.

Қайд этиш керак, мазкур нашр диёримизни “2025 йилда бориш керак бўлган 25 манзил”дан бири сифатида тилга олди. Мухбирнинг фикрича, мамлакатнинг ҳақиқий юзи – кадр ортида, Фарғона водийсининг сокин устахоналарида, қўлда йигириладиган ипакларида ва эски ҳовлиларда осилиб турган гилос шохларида.
Мусулмон Зиё, ЎзА