
IT Park Хоразм филиалида хотин-қизларнинг дастурлаш ва рақамли технологиялар орқали даромад топишини рағбатлантириш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда бир қатор нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигида “IT Community Roadshow” республика форуми ўтказилди.
Форумда профессионал соҳа мутахассислари спикер сифатида иштирок этишди ва технология ихлосмандлари учун маҳорат дарслари, маърузалар, нетворкинг сессияси ва фаол иштирокчилар билан совринли викториналар ташкил этилди.
Тадбир аввалида рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова, Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигора Кутлимуратова ҳамда хорижлик махсус меҳмон “Women in Tech” лойиҳаси асосчиси ва бош директори Аюми Мур Аоки ҳам иштирок этиб, бугун технология ва инновациялар оламида аёл-қизларнинг ўрни ва уларнинг бу йўналишда эришаётган катта натижалари ҳақида гапирдилар.
– Мамлакатимизда ахборот технологиялари ҳамда дастурлаш соҳасидаги фаолият учун замонавий билимларга эга ёш кадрларга талаб кучли, – дейди рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова. – Айниқса, хотин-қизларнинг ушбу соҳани ўрганиш орқали даромад олишига кўмаклашиш долзарб аҳамиятга эга. Дастурлаш, коммуникация хизматлари кўрсатиш орқали яхши даромадга эга бўлиш мумкин. Бу борада кўплаб ёшлар соҳага қизиқаётган юртдошларимизга ўрнак бўлмоқда. Аҳамиятлиси, улар орасида хотин-қизлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Биргина IT Park Хоразм филиалининг ўзида йигирма нафардан ортиқ хотин-қиз дастурлаш билан шуғулланаётган бўлса, ушбу йўналишга қизиқиб, рақамли технологияларни ўрганаётган ўсмир қизлар сони ҳам ошиб бормоқда.
[gallery-22465]
Тадбирда хориж ва мамлакатимиздаги етакчи тармоқ муҳандислари ва даромад менежерлари рақамли истеъдодлар қандай қилиб интеллектуал дунё ривожини тезлаштираётгани ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Ўн нафардан ортиқ дастурчи қизларни бирлаштирган гуруҳ фаолияти билан танишиб, уларга ўз тавсияларини беришди. Айниқса, бугунги кунда кўп давлатларда дастурчи хотин-қизлар ўртасида оммалашиб бораётган халқаро лойиҳа “Women in Tech” асосчиси ва бош директори Аюми Мур Аокининг иштироки форум янада қизиқарли ўтишига хизмат қилди.
– Бу менинг Ўзбекистонга биринчи ташрифим ва бу мамлакатнинг гўзалликларини кашф этиш учун бир йил вақтим бор, – дейди “Women in Tech” асосчиси ва бош директори Аюми Мур Аоки. – Яъни мамлакатингизда бошлаган халқаро лойиҳам бир йил давом этади. Кеча қадимий шаҳар Хивага бордим ва Хоразм вилояти гўзалликларидан баҳраманд бўлдим. Айниқса, IT парк Хоразм филиалида бўлиб ўтаётган Roadshow менга жуда ёқди. Жуда яхши сўзловчилар, қатнашувчилар фаолияти тўғри ташкил қилинган. Жамоа жуда ҳам масъулиятли, жуда кўп қизларнинг мазкур соҳага қизиқаётганини кўриб хурсанд бўлдим.
Форумнинг биринчи босқичида 200 нафардан ортиқ хотин-қиз иштирок этишди. Дастурчи муҳандислар ва бошқа мутахассисларнинг маърузалари тингланди. Спикерларнинг тақдимотлари дастурлаш технологиялари ихлосмандларида катта таассурот қолдирди.
Асосийси, “IT Community Roadshow” республика форуми мураккаб масалаларни ечиш, дастурлашни ўрганиш ҳамда аёл қизлар IT соҳасида ўз билимини синаб кўриши ва рейтингларини аниқлаш имконини беради.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари