Ташрифдан ташрифгача
Кейинги йилларда Хоразм вилояти ўзининг иқтисодий ўсиш ва ривожланишдаги муваффақиятлари билан танилмоқда. Вилоятнинг инфратузилмавий ва ижтимоий ривожланишида иқтисодиётнинг асосий секторлари ҳисобланган қишлоқ хўжалиги, саноат, туризм ва инфратузилма яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар, шунингдек, давлат дастурлари ва инвестициялар муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 29 февраль – 1 март кунлари вилоятга ташрифи чоғида белгилаб берган вазифалари Хоразмнинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Икки миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган вилоятда жорий йилнинг биринчи чорагида иқтисодий ўсиш тезлашиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши 6,8 фоизни ташкил этди. Бунда саноат улуши 2024 йилда 2018 йилдаги 13 фоиздан 16 фоизга, хизматлар улуши 36,3 фоиздан 40,3 фоизга етди. Шунингдек, ҳудудда ташқи савдо айланмаси 3,2 бараварга ошиб, 857 миллион АҚШ долларга тенг бўлди.
Ўтган йили Туркия, Хитой, Германия, Эрон, Россия каби 16 та давлат вилоятга 643 миллион 300 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритган.
Мисол учун, россиялик ҳамкорлар билан биргаликда “Хоразм инсулейшен груп” қўшма корхонаси томонидан 40 млн доллар инвестиция киритилиши ҳисобига базаль плиталар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиб, бугунги кунда 95 фоиз қувватда ишламоқда. Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда.
Шунингдек, Урганч шаҳридаги “Геотекс продакшен” МЧЖ томонидан геотекстиль маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, лойиҳа доирасида 12,3 миллион доллар хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. Ушбу лойиҳа ишга туширилганлигига бир ой бўлмасдан хорижга маҳсулотлар экспорт қилина бошлади.
Дарвоқе, хоразмлик экспортёрлар ўтган йилда 2023 йилга нисбатан 126 фоизга кўп, яъни 420 миллион долларлик маҳсулотларни хорижга экспорт қилди.
Вилоят саноати 8 йил олдин асосан озиқ-овқат ва тўқимачиликка боғлиқ бўлган бўлса, бугунги кунда вилоятда мебель саноати, тайёр тикувчилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ривожланиб бормоқда. Сўнгги 8 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,3 баробарга ўсиб, 2024 йилда 29 трлн сўмлик автомобилсозлик, тайёр текстиль маҳсулотлари, мебель қурилиш материаллари ишлаб чиқарилди.
Охирги бир йилда давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан вилоятга инвестиция киритиш истагидаги салоҳиятли инвесторлар ва тадбиркорлар билан музокаралар ўтказилиб, янги истиқболли лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, “New Best style” (3D гулқоғоз ишлаб чиқаради), “Khorazm Insulation Group” (базальт плитаси), “Sulaymon plast” (пластмасса труба ва фитинглар), “Khiva Cluster” (ип-газлама), “Textile Finance Khorezm” (аралаш толали ип калава) каби йирик саноат корхоналари ишга тушди. Жорий йил якунига қадар эса “Carwings Xorazm plast” (автомобиль учун пластмасса эҳтиёт қисмлар), “Аrton Urgench” (автоклав газоблок), “Hvara” (дори- дармон воситалари), “Eko klaster” (пластмасса ва картон қоғоз маҳсулотлари), “Silkwaytex” (юмшоқ мебеллар учун чехол) каби йирик қувватлар ишга туширилади.
Шу билан бирга, эски Шовот МТП биносида 2,5 гектар майдонда 45 млрд сўмлик ангар усулида тайёр тикув-трикотаж комплекси ишга туширилиб, 50 та тадбиркорлик субъектига тайёр ҳолда саноат ипотекаси асосида берилади. Ушбу объектнинг ишга туширилиши натижасида 3,5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Жами 377 гектар ер майдонига эга “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасида бугунги кунгача қиймати 65 миллион долларлик 16 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 минг 400 га яқин янги иш ўрни шакллантирилди.
Шунингдек, вилоятда жами 118 гектар ер майдонида 32 та кичик ва ёшлар саноат зоналари ташкил этилган. Бугунги кунда ушбу саноат зоналарига жами 419 та лойиҳа жойлаштирилди. Шулардан 163 та лойиҳа ишга туширилиб, икки мингга яқин иш ўринлари яратилган. Ушбу корхоналарда йилига 400 миллиард сўмлик 100 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Мамлакатимиз иқтисодиётида маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, импортга боғлиқликни камайтириш ва янги иш ўринларини яратиш мақсадида амалга оширилаётган маҳаллийлаштириш дастури Хоразмда ҳам ўзининг юқори самарадорлигини намоён қилмоқда.
Жумладан, 2024 йилда маҳаллийлаштириш дастури доирасида 1 миллиард 640,6 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, бу орқали мамлакат иқтисодиётига қўшимча қиймат қўшилди ва экспорт салоҳияти ҳам кенгайиб, 12,4 миллион долларлик маҳаллий маҳсулотлар хорижга экспорт қилинди. Жорий йилда эса мазкур йўналишда жами 70 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, эътиборлиси, январь-март ойларининг ўзида 59 та лойиҳа доирасида 410,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу эса режанинг 187 фоизга бажарилганини англатади ва маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятининг ошиб бораётганини кўрсатади.
Президентимиз олдинги ташрифи чоғида вилоятда қурилиш ва бунёдкорлик йўналишидаги ишларни жадаллаштириш борасида ҳам бир қатор вазифаларни белгилаб берган эди. Хоразм вилоятида ўтган йилда умумий қиймати 10,6 триллион сўмлик қурилиш, бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Солиштириш учун, 2016 йилда вилоятда қурилиш-пудрат ишлари ҳажми атиги 1,2 трлн сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу рақам 8 баробардан зиёдга ошган.
Маҳаллалар бўйича олиб қаралганда давлат ва маҳаллий дастурлар доирасида вилоятдаги 330 тадан зиёд маҳаллаларда 1,2 трлн сўмлик 500 тадан ортиқ объектларда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Юздан ортиқ мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, элликдан ортиқ тиббиёт объекти, электр тармоғи, ичимлик ва оқова сув иншоотлари, автомобиль йўли ва бошқа инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилди.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида 5 минг 500 та хонадонли 191 та кўп қаватли уй қурилди. Бу ишлар натижасида 800 минг нафардан зиёд аҳолининг турмуш шароити яхшиланди.
Шунингдек, Урганч шаҳрида 130 гектар майдонда барпо этилаётган “Ал-Хоразмий” шаҳарчасида 143 та кўп қаватли уй қуриш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 1789 хонадонли 73 та уй фойдаланишга топширилди. 2025 йилда эса қўшимча 1 минг 65 хонадонли 28 та уй қурилиши кўзда тутилган.
Ўтган даврда Хоразм вилоятида транспорт соҳасини ривожлантириш, йўловчиларга қулайлик яратиш ва логистика хизматларини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Вилоят ҳудудида ҳозирги кунда 92 та йўловчи ташувчи корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар тасарруфида 2 минг 759 та автотранспорт воситаси мавжуд. Бундан ташқари, 1 минг 7940 та ўзини ўзи банд қилган йўналишсиз такси ҳам фаолият олиб бормоқда.
Урганч–Хива–Урганч йўналишида 9 та троллейбус қатнови ташкил этилган бўлиб, жорий йилда ушбу йўналиш учун яна 10 та янги троллейбус сотиб олинади ва қатнов оралиқлари икки баробар қисқартирилиши режалаштирилган.
Урганч шаҳрида жамоат транспорти қатновларини автоматлаштирилган мониторинг тизими орқали кузатиш ва электрон тўлов тизими жорий қилинди. Бу эса жамоат транспорти фаолиятининг шаффофлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, шаҳар ичи йўналишлари учун 50 та замонавий автобус харид қилиниб, чекланган тарифлар асосида 4 та йўналишда брутто-шартнома бўйича йўловчи ташиш хизмати йўлга қўйилди.
Вилоятнинг ҳаво транспорти соҳасида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Урганч халқаро аэропорти орқали ҳафтасига 30 та маҳаллий ва 38 та халқаро йўналиш бўйича жами 68 та авиақатнов амалга оширилмоқда. 2024–2025 йилларда аэропортни давлат-хусусий шериклик асосида реконструкция қилиш, модернизация ва самарали бошқариш мақсадида ўтказилган тендерда Жанубий Кореянинг “Incheon International Airport Corporation” компанияси ғолиб деб топилиб, йўловчи ва юк терминалларини қуриш, ерда хизмат кўрсатиш ва бошқариш ишларини амалга оширади. Ушбу лойиҳа натижасида Урганч халқаро аэропортининг хизмат кўрсатиш сифати ва салоҳияти ошади, туристлар оқими кўпайиши ҳамда халқаро юк ташиш имкониятлари кенгаяди.
Таълим одамларнинг билим ва кўникмаларини оширишга, янги авлодни шакллантиришга ёрдам беради. Шу билан бирга мамлакатнинг эртанги кунини белгилайди.
Айни пайда вилоятда 2 минг 51 та мактабгача таълим ташкилоти ва 555 та умумтаълим мактаби фаолият кўрсатмоқда. Ислоҳотлар натижаси доирасида бугунги кунда вилоятда мактабгача таълимда қамров 82,9 фоизга етказилган. 2018 йилда эса бу кўрсаткич 27 фоиз бўлган.
Бугун аҳолига 189 та давлат тиббиёт муассасаи, 100 та маҳалла тиббий пункти ҳамда 501 та хусусий тиббиёт муассасаси орқали тиббий хизмат кўрсатилади. Бирламчи тизимда касалликларнинг олдини олиш, эрта босқичларда аниқлаш мақсадида ўтган йили вилоят аҳолисининг 94 фоизи тиббий хатловдан ўтказилди.
Президентимизнинг топшириқларига кўра, Урганч туманидаги поликлиника ва шифохонанинг такрорланадиган вазифаларини умумлаштириб, янгича хизмат кўрсатиш тизимига ўтказилиши лозим эди. Айни пайтда Урганч тумани тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонаси ва кўп тармоқли марказий поликлиникасида лаборатория, физиотерапия ва даволаш физкультураси йўналишида хизматлар умумлаштирилиб, стирилизация, лаборатория хизмати марказий шифохонанинг лаборатория бўлимида, физиотерапия ва даволаш физкультураси хизматлари янгича хизмат кўрсатиш тизими бўйича ташкил этилди.
IT-парк резидентлари вилоятда 85 тани ташкил этади. Резидент корхоналарнинг 26 таси экспортёр корхоналар бўлиб, улар томонидан АҚШ, Россия, Хитой, Малайзия, Литва ва Ирландия каби давлатларга хизматлар кўрсатилмоқда.
Хоразм вилоятига хорижий IT компанияларни жалб этиш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида вилоятда чет эл капитали иширокидаги Малайзия давлатининг 2 та компанияси ташкил этилди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг мантиқий давоми ҳисобланган “Курсера” платформасида 59 минг нафар ёшлар ўқитилди.
Хоразм вилоятининг тарихий ва маданий аҳамияти унинг туризм салоҳиятини оширади. Президентимиз Хоразмда туризм инфратузилмаси ва хизмат кўрсатиш соҳасига янги инвестицияларни жалб этиш бўйича ҳам вазифаларни белгилаб берган эди.
Шовот ва Янгиариқ туманларида зиёрат туризм йўналиши, Боғот туманида экотуризм ҳамда соғломлаштириш туризми йўналиши, Хива туманида балиқчилик ва экотуризм йўналиши ҳамда Хива шаҳрида ёшлар туризми йўналишида туризм намойиш объектлари ташкил қилиниб, туристик маршрутларга киритилди.
Жумладан, Шовот туманида зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида “Юсуф Хамадоний” зиёратгоҳи тўлиқ янгидан таъмирланди. Мажмуага йилига 20 мингдан ортиқ хорижий ва 150 мингдан ортиқ маҳаллий зиёратчиларнинг ташриф буюриш имконияти яратилди.
Шунингдек, Боғот туманидаги “Қалъажиқ қалъа” мажмуасида ҳам 126 гектар майдонда 100 миллиард сўм инвестиция киритилиши ҳисобига экотуризм ҳамда соғломлаштириш туризми йўналишида хорижий ва маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатувчи туристик мажмуа ташкил қилинди.
Яқинда вилоятда туризм йўналишидаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлган Хива шаҳридаги “Ғовук” кўли атрофида 1,1 триллион сўмлик инвестиция ҳисобига 24,5 гектар майдонда 250 дан ортиқ туризм объектларини ўз ичига олган “Арда Хива” туристик мажмуаси барпо қилинди.
Мажмуада 8 та меҳмонхона, 12 та оилавий меҳмон уйи, 2 минг кишилик очиқ ва ёпиқ аквапарк ва аттракционлар, 30 та савдо дўкони ва 100 та раста, 3 минг ўринли амфитеатр, 11 та ҳунармандлар уйи, 1000 ўринли автотураргоҳ, Шарқ бозори мажмуаси, 5 та кино ва концерт зали, 9 та ресторан, 1 та тарихий музей, 1 та мусиқали фаввора, сайр учун 4 км соҳил бўйи, сув мототуризми (скутер ва катамаронлар), кўргазмалар павильони ва заргарлик маркази мавжуд.
Мажмуа йилига бир миллион маҳаллий ва хорижий сайёҳни қабул қилади ҳамда икки мингдан ортиқ кишини доимий иш билан таъминлайди.
[gallery-23106]
Бундан ташқари, туристларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш қилиш мақсадида ҳар йили Хоразм вилоятида 10 дан ортиқ халқаро фестиваллар, 20 ортиқ маҳаллий оммавий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. “Хива 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм шаҳри”, “Қовун сайли”, “Лазги” халқаро рақс фестивали, “IV Халқаро бахшичилик санъати” фестивали, июнь ойида “Стронгмен” халқаро баҳодирлар ўйини, “Хоразм хонлари миллий таомлари” халқаро гастрономик фестивали, “Гиламлар жилоси”, “Хоразм балиқ таомлари” фестивали шулар жумласидандир.
Хуллас, ушбу тенденциялар келгусида вилоятнинг иқтисодиётини янада яхшилаш ва халқ фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Хоразм эса янги Ўзбекистоннинг стратегик ва иқтисодий жиҳатдан энг аҳамиятли ҳудуди сифатида кейинг йилларда ҳам иқтисодий ривожланиб, янги ва жозибадор қиёфа касб этиб бораверади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари