
Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Жумладан, Хоразм вилоятида ҳам 1 миллион 300 мингга яқин ёшлар истиқомат қилади. Улар учун шарт-шароит ва имкониятлар яратиб бериш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бироқ уларнинг орасида яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмаётган, оғир ижтимоий аҳволдаги йигит-қизлар ҳам бор.
Хоразм вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов Боғот туманида бўлиб, Боғзор маҳалласидаги ана шундай ишсиз ёшлар билан учрашди.
Ёшлар масаласи давлатимизнинг кучли ижтимоий сиёсатида энг устувор йўналишдир. Хоразмда ҳам ёшларга сифатли таълим ва касб бериш, интилишларини қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда. Ҳар бир маҳаллада “Ёшлар бандлиги дастури” амалга оширилмоқда.
Маҳалла фуқаролар йиғини биносида бўлган учрашув самимий ва очиқ мулоқот тарзида ўтди. Энг аввало, ёшларни ишга жойлаштириш, замонавий касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда ёшлар ўз фикр ва мулоҳазаларини вилоят ҳокимига билдиришди. Вилоят ҳокими уларнинг оилавий аҳволи, қизиқишлари ва уларни қийнаётган муамоларни ўрганди. Ўн олти нафар ёшнинг ҳар бирига шароитидан келиб чиқиб, бандлигини таъминлаш, олий таълим ва касб ҳунарга йўналтириш бўйича “йўл харитаси” белгиланди.
Учрашувда иштирок этган қизларнинг кўпчилиги тикувчилик билан шуғулланиш истагини билдиришди. Уларга мазкур йўналишда кўмак берилиб, тикув машиналари ажратиш тўғрисида мутасаддиларга топшириқлар берилди.
– Менга бир неча ой олдин тикув машинаси ажратилган эди, – дейди Табассум Абдуллаева. – Айни дамда аёллар кийими, парда ва юмшоқ мебеллар учун ғилофлар тикиб сотаман. Бугун вилоят ҳокимига келгусида тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтириш ниятим борлигини айтдим. Яна бешта қизга касб-ҳунар ўргатиб, иш билан таъминламоқчиман. Вилоятимиз раҳбари менинг режамни қўллаб - қувватлади. Кредит ажратиш, ижарага бино топиш ва тегишли мутахассислардан кўмак олишимга ёрдам беришини айтди.
Тадбиркорлик қилиш истагидаги бошқа ёшлар ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов боғзорлик ёшлар билан эндиликда тез-тез учрашиб туришга келишиб олди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари