Бухоро вилояти ҳокими, маҳаллани қўллаб-қувватлаш вилоят кенгаши раиси Ботир Зарипов вилоятдаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда асосий эътибор маҳалла ободлигини таъминлашда аҳолининг фаол иштироки ва масъулиятини ошириш, ҳудудни кўкаламзорлаштириш, миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни тарғиб қилиш, соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни сақлаш, тўй-маросимларни исрофгарчиликларсиз ихчам ўтказиш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш каби масалаларга қаратилди.

Таъкидланганидек, вилоятдаги 516 та маҳалла фуқаролар йиғинларида “Маҳалла еттилиги” учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида 2021-2025-йилларда маҳалла фуқаролар йиғинларининг 135 тасига янги бино қуриб берилди. 30 таси жорий, 7 таси капитал таъмирланди. Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси ҳисобидан ажратилган 44 миллиард сўмлик грант маблағлари ҳисобига Бухоро, Когон, Вобкент, Шофиркон ва Ғиждувон туманларида 10 та замонавий маҳалла маркази бунёд этилди.

“Маҳалла бюджети” тизимини жорий этилиши маҳаллалар ўз эҳтиёжлари ва устувор вазифалари учун бюджет маблағларини мустақил равишда режалаштириш ва сарфлаш имкониятига эга бўлди.
Президентимизнинг 2024 йил 25 июндаги “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 13 та “Маҳалла сервис компанияси” ташкил этилди. Ушбу маҳалла сервис компанияларига 11 турдаги зарур техник воситалар ва ускуналар етказиб берилди. Ҳозирда ушбу компаниялар томонидан аҳолига 23 турдаги хизматлар кўрсатиш белгиланган.

Учрашувда вилоят раҳбари маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари олдида турган муҳим вазифалар хусусида алоҳида тўхталди. Жумладан, аҳоли муаммолари билан ишлаш, камбағал оилаларнинг даромадини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, мигрантлар билан ишлаш бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди.

Учрашувда маҳалла фуқаролар йиғинларини раисларининг таклиф ва ташаббуслари тингланди. Бу борада амалга ошириладиган комплекс чора-тадбирлар юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши айтилди.
Албатта, маҳалла аталмиш катта оила раҳбарининг фаолиятини самарали ташкил этишда унга муносиб ҳордиқ шароитини яратиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода учрашувдан сўнг Ботир Зарипов раислар билан биргаликда вилоят мусиқали драма театри ёш режиссёри Равшан Расулов томонидан саҳналаштирилган “Маҳмуд Торобий” спектаклини томоша қилди.

Шундан сўнг, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида давом этаётган халқаро замонавий санъат биенналесида ҳам бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.