Сурхондарё вилояти Ангор тумани ҳокими Қосим Мардонов туман ахборот-кутубхона марказида бўлиб, зиё масканида ходимлар ва китобхонлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Кутубхона жамоасининг китобхонликни кенг тарғиб қилиш, аҳолининг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириб, китобхонлик маданиятини шакллантириш, ёш авлоднинг миллий ғурур, ифтихор, Ватанга муҳаббат ва юрт тараққиётига дахлдорлик туйғусини юксалтириш юзасидан амалга ошираётган ишлари ҳақида дилдан суҳбатлашди. Китоб фонди билан қизиқди.

Учрашув якунида туман раҳбари ахборот-кутубхона марказига 500 дона шеърий ва насрий, жаҳон адабиёти дурдоналари, ижодий-илмий асарлардан иборат китоблар жамланмасини топширди.
Туман ҳокимининг туҳфаси билан ахборот-кутубхона маркази 90 мингга яқин китоб фондига эга бўлди. Уларнинг 900 га яқини электрон адабиётлардир.

Мамлакатимизда китоб мутолааси ва китобхонлик кенг тарғиб қилинаётган ҳозирги пайтда туман ҳокимининг маърифат маскани билан танишиб, китоб фондини бойитишга ҳисса қўшган бошқа раҳбарлар ҳам ибрат олса арзийдиган фазилат. Биз жорий йил февраль ойида Сурхондарё вилоят кутубхоначиларининг Шўрчи тумани ахборот-кутубхона марказида ўтказилган семинари доирасида туман ҳокими А.Ишмурзоев ўзининг шахсий кутубхонасидан зиё масканига 300 дона китоб совға қилгани ҳақида ҳам хабар берган эдик.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири