ЎзЛиДеП фракциясининг бир гуруҳ аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига хусусий сектор учун белгиланган ижтимоий мажбуриятларни эркинлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси куни кеча сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида қизғин муҳокама қилиниб, аксарият фракция ва депутатлар томонидан қатъий қаршиликларга учраган эди.

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган ушбу лойиҳа яна қатор эътирозларга сабаб бўлди.  

Ташаббускор депутат А.Бўриевнинг таъкидлашича, меҳнат қонунчилигида хусусий сектор учун ижтимоий мажбуриятлар кўплиги соҳадаги ҳуқуқий механизмларни қайта кўриб чиқиш заруратини юзага келтирмоқда. Хусусан, амалдаги Меҳнат кодексида давлат ва хусусий секторда иш берувчилар учун бир хилдаги ижтимоий мажбуриятларнинг назарда тутилиши хусусий сектор, айниқса, кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий барқарорлигига сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда. Бу эса хусусий секторда ходимларни ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш жараёнларининг расмий қайд этилмаслигига олиб келмоқда.

Шундан келиб чиқиб, ушбу қонун лойиҳасида Меҳнат кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Жумладан, меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилишда аризани чақириб олиш жараёнида иш берувчининг иштирокини таъминлаш орқали томонларнинг масъулиятини ошириш, меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишда касаба уюшмаси қўмитаси ёки маҳаллий меҳнат органи билан келишиш жараёнларини соддалаштириш орқали хабардор қилиш тартибига ўтказиш, ходимнинг узоқ муддат меҳнатга қобилиятсиз бўлиши натижасида меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларини такомиллаштириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларида ўриндошлик асосида фаолият юритаётган ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда огоҳлантириш муддати ва компенсация тўловларини бекор қилиш белгиланмоқда.  

Муҳокамаларда депутатлар қонун ташаббусида тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимояси илгари сурилгани, бироқ ходимларнинг ижтимоий ҳимоя масалалари четда қолиб кетганини билдиришди. Қайд этишганидек, бугун мамлакатимиз аҳолисининг 56 фоизи меҳнатга лаёқатли фуқаролардир. Лойиҳадаги нормалар уларнинг фаолиятида иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Энг аввало, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.  

Шунингдек, бугунги кунда деярли барча соҳада хусусий сектор фаолият юритади. Уларга ижтимоий мажбуриятлар борасида имтиёзлар берилиши ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари, конституцион манфаатларига зид саналади. Шу билан бирга, касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олмасдан туриб, шунчаки хабардор қилиш билан ходимни ишдан бўшатиш мумкинлиги ҳақидаги меъёр фундаментал меҳнат ҳуқуқига зид келади. Шундан келиб чиқиб, депутатлар қонун лойиҳасининг бундай асослантирилиши мумкин эмаслигини билдирдилар.  

Қонун ташаббускорлари бўлган ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари Шуҳрат Шарофиддинов, Севара Убайдуллаева ва бошқалар эса депутатларнинг эътироз ва хавотирлари ўринсиз эканини таъкидлаб, нормаларни асослаб беришга ҳаракат қилдилар.

Уларнинг фикрича, лойиҳада тадбиркорлар учун бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш мақсад қилинган. Бугун норасмий секторда банд бўлганлар улуши ортиб бормоқда. 2024 йилги ҳолатга кўра, бу 38 фоизни ташкил этади. Тадбиркорларга ортиқча юкламаларнинг кўплиги норасмий секторда бандликнинг ортишига олиб келмоқда. Яъни, қонунчиликда тадбиркорларга ортиқча мажбуриятларнинг юкланиши оқибатида улар шу мажбуриятлардан қочишга ҳаракат қилиб, норасмий ишчи ишлатади. Натижада норасмий бандлик кўпаяди ва иқтисодиётимизга салбий таъсир кўрсатади. Шу мақсадда тадбиркорлардан бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсад қилинган. Шу боис ижтимоий ҳимоя масалаларини олиб ташлаш, ишдан бўшаш ҳақидаги ариза муддатини қисқартириш, ўриндошлик асосида ишлаганлар учун конпенсация тўловларини хусусий секторда бекор қилиш каби масалалар ўринли, дея жавоб бердилар.  

Қонун лойиҳаси қизғин муҳокама, баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди. ЎзЛиДеПдан ташқари деярли барча фракция вакиллари лойиҳа нормаларига танқидий муносабат билдирди. Қонун лойиҳаси етарли овоз ололмади ва ташаббускорларга қайтарилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини қисқартиришга қаратилган лойиҳа етарли овоз ололмади