Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ёнғин-қутқарув қисмлари шахсий таркибининг касбий маҳорат, руҳий ва жисмоний тайёргарлигини ошириш мақсадида кўргазмали амалий машғулот ўтказилди.
Қишнинг аёзли кунларида аҳоли хонадонлари, корхона, ташкилот ва муассасалар биноларини иситиш, хусусан, табиий газ, электр энергиясига бўлган талаб кескин ортади. Айрим фуқаролар, масъулларнинг эътиборсизлиги, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилинмаслиги ёки носоз газ ва электр асбобларидан фойдаланиши оқибатида ёнғинлар содир бўлиш ҳолатлари ҳам айнан мана шу даврда бирмунча ортади. Юзага келиши мумкин бўлган ана шундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва бартараф этишда албатта, ёнғин-қутқарув қисмлари ходимларининг профессионал маҳорати муҳим аҳамият касб этади.


Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирининг тегишли буйруғига асосан содир бўлган ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар юзага келганда одамларни қутқариш, қидириш, моддий бойликларини хавфсиз жойга олиб чиқиш ҳамда ёнғинларни самарали ўчириш бўйича ўтказилган амалий машғулотда тизим ходимлари ўзларининг маҳорат ва тажрибаларини синовдан ўтказди.


Ёнғинларни ўчиришда жанговар ҳаракатларни қийинлаштирувчи турли шароит ва вазиятларда ҳамда ёнғин ўчоғи ҳудудидаги ўта қийин шароитларда узоқ муддатли ишларни бажариш бўйича ўтказилган амалий машғулотлар тизим ходимларининг билим, малака ва амалий тажрибаларини бойитишга хизмат қилди.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари