
Пойтахтимиздаги Қуролли Кучлар марказий музейида Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси томонидан Мудофаа вазирлиги қўшинларига 60 нафар чақирилувчини тантанали кузатиш маросими ташкил этилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова, Мудофаа вазирлиги ва Жамоатчилик кенгаши вакиллари, чақирилувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Маросимда сўзга чиққанлар мамлакатимиз Қуролли Кучларининг салоҳиятини ошириш, ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга изоҳ бериб, бугун хизматга отланаётган бўлажак аскарларга оқ йўл тилади.

Тадбир доирасида эгнига ҳарбий либос кийиб, аллақачон аскарлик руҳини ҳис қилиб турган юрт ўғлонларига китоб ва бошқа эсдалик совғалари берилди.
Ватан хизматига йўл олаётган ёшлар белгиланган манзилларга кузатилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА