Озарбайжон Республикаси маданият вазири Адил Керимли “II Туркий дунё маданияти форуми” ва Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг юқори савияда ўтказилгани, кўрсатилган эҳтиром ва юқори даражадаги меҳмондўстлик учун қардош Ўзбекистоннинг Маданият вазирлиги ва Хоразм вилояти раҳбариятига самимий миннатдорчилик изҳор қилди.
Адил Керимли бугунги кунда бошқа кўплаб жабҳалар каби маданият соҳасида ҳам тикланиш даврини бошдан ўтказаётган қардош Ўзбекистон нафақат мамлакатда, балки бутун туркий дунёда ижобий натижалар кўрсатаётганини қайд этди.
“II Туркий дунё маданияти форуми” ва Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг бир кунда ўтказилиши тадбирларга ўзига хос аҳамият ва завқ бахш этди. Туркий дунё халқлари маданиятининг энг муҳим меросларидан бири бўлган бахшичилик санъатини тиклаш туркий ўзига хосликни асраб-авайлаш, урф-одатларни келажак авлодларга етказишда ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.
Форум нуфузини оширишга хизмат қилган ТУРКСОЙ, Туркий маданият ва мерос фонди, Халқаро туркий академия ва Туркий давлатлар парламент ассамблеяси каби етакчи халқаро ташкилотларнинг ҳамкорликдаги фаолияти ҳам муҳим ўрин тутади.
Маданият вазири форум доирасида қабул қилинган қарорлар маданий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва туркий дунё бирдамлигини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшишини алоҳида қайд этди.
Адил Керимли икки йил олдин туркий ва ислом олами маданияти пойтахти, Озарбайжон дурдонаси — Шуша шаҳрида бўлиб ўтган биринчи форумни ёдга олиб, “Туркий маданиятнинг тарихи, бугуни ва эртаси” ғоясига асосланган форум умумий муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда муштарак маданий мерос, тил ва креатив йўналиш каби соҳаларда янги қарорларни қабул қилиш учун муҳим майдонга айланганини таъкидлади. Биринчи форумда Туркий академия кўмагида “Туркий оламнинг маданий йўли” лойиҳаси намойиш этилиб, маданий мерос масалалари бўйича раҳбарларнинг биринчи учрашуви ўтказилган ҳамда Туркий анимация уюшмасини ташкил этиш ташаббуси муҳокама қилинган эди. Қувонарлиси, мазкур ташаббуслар ўтган йилнинг ноябрь ойида Бишкекда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 11-саммитида давлатлар раҳбарлари даражасида юқори баҳоланди. Бундан ташқари, Шуша шаҳрида шакллантирилиб, Хивада давом этаётган узоқ муддатли ва барқарор маданий ҳамкорлик формати ўзаро алоқаларимиз учун янги уфқларни очади. Маданият вазири Шуша ва Хива шаҳарлари 2023 йил февралдан бошлаб расман қардош шаҳарлар номини олганини ҳам эслатиб ўтди.
Сўнгги йилларда туркий давлатлар ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари барча соҳаларда сифат ва кўлам жиҳатидан сезиларли даражада кучайди. Бунга давлатлар раҳбарларининг оқилона сиёсати ва кучли иродаси, самимий ишонч муҳити самарасида эришилди.
Маданият вазири туркий давлатлар, ташкилотлар ва хақлар билан яқин ҳамкорликни ривожлантириш Озарбайжоннинг маданият соҳасидаги миллий сиёсати асосини ташкил қилишини алоҳида таъкидлаб, давлат раҳбарининг “Туркий дунё — бу бизнинг оиламиз” деган шиорни эсга олди.
Шунингдек, Адил Керимли ўтган йили июль ойида Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида Озарбайжон Президентининг чиқишини ёдга олди. Унда “XXI аср туркий дунёни ривожлантириш асри бўлиши керак”, деган муҳим ғоя илгари сурилиб, бугун у барча маданий ташаббусларнинг асосий мақсадига айланган.
Озарбайжон маданият вазири мамлакат кўплаб туркий давлатлар билан ҳамкорликда кўп томонлама лойиҳаларни амалга ошираётганини фахр билан таъкидлаб, Озарбайжоннинг озод этилган ҳудудларини тиклашда қардош мамлакатларнинг қўшган ҳиссасини дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг ёрқин намуналаридан бири деб атади. Ўзбекистон томонидан Фузулий шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги ўрта мактаб қурилиши, Қозоғистон ташаббуси билан Қурмангази номидаги Болалар ижодиёт маркази ташкил этилиши ҳамда Қирғиз Республикаси томонидан Ағдам туманида мактаб қурилиши шулар жумласидандир.
Дунёдаги энг қадимий цивилизациялардан бири бўлган туркий цивилизация жаҳон маданияти ва илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Низомий Ганжавий, Юнус Эмре, Алишер Навоий, Имодиддин Насимий, Муҳаммад Фузулий, Абай Қўнонбоев ва Чингиз Айтматов каби буюк адиб ва мутафаккирлар туркий хақлар тафаккурини шакллантириш ва миллий онгини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшганлар. Бугун туркий дунё маданий макони замонавий давлатлар доирасидан ташқарига чиқиб, кен кўламли интеграцияни талаб этмоқда. Туркий оламнинг этномаданиятини шакллантириш лойиҳалари, йўқолиб бораётган урф-одатлар ва номоддий маданий мерос намуналари реестрлари келажак авлод учун маданиятни ривожлантиришга асос бўлади. Туркий дунёда маданий якдиллик ва ўзаро интеграция ғояси мустаҳкам асосларга қурилган бўлиб, бу алоқаларни янада мустаҳкамлашга бўлган қатъий содиқликни билдиради.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА.