Хитойлик олимлар билан учрашув
Оролбўйи халқаро инновация марказида Хитой Фанлар академияси География фанлари ва табиий ресурсларни тадқиқ этиш институти Географик кўрсаткичларни тадқиқ этиш маркази директори ўринбосари профессор Ван Чженбо, ушбу марказ бош илмий ходими, Глобал ўзгаришларни тадқиқ этиш бўйича Жаҳон маълумотлар маркази (GCdataPR) директори профессор Лю Чуан ҳамда марказ котиби Ли Лимин хоним билан учрашув бўлиб ўтди.
Ташрифдан кўзланган мақсад марказ фаолияти, унинг Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ва амалий ташаббуслари билан яқиндан танишишдир.

Учрашувда Оролбўйи халқаро инновация маркази фаолияти, амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар, шунингдек, минтақа экотизимини тиклаш, қурғоқчил иқлим шароитида инновацион ечимларни жорий этиш ва табиатдан барқарор фойдаланишни ривожлантиришга қаратилган амалий лойиҳалар ҳақида сўз борди.
Томонлар экология, табиий ресурсларни барқарор бошқариш ва иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш соҳасида илмий маълумотлар алмашиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва амалий ташаббусларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.