Жорий йилнинг 28 феврал куни мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида Марказий Осиё халқаро институти Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ва Хитой: икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш” мавзуида халқаро конференция ўтказмоқда.
Бундан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 23-25 январь кунлари Хитой Халқ Республикасига бўлган давлат ташрифи якунлари, шунингдек, икки давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шерикликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр-алмашишдир.
Мазкур илмий форумда иштирок этаётган Хитойнинг етакчи таҳлилий муассасалари вакилларидан иборат делегация хорижий инвестициялар ҳисобидан муваффақиятли амалга оширилган лойиҳалар билан танишиш мақсадида бугун Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.
Делегация аъзолари ташриф дастурига мувофиқ Сирдарё туманидаги “Peng-Sheng” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасида бўлиб, саноат паркидаги ишлаб чиқариш комплекслари билан яқиндан танишди.
Мазкур қўшма корхона 2009 йилда иш бошлаган. Умумий қиймати 26 млн АҚШ доллари бўлган лойиҳанинг бугунги инвестицион имконияти 100 млн АҚШ долларига чиққан. Янги иш ўринлари 2 мингдан ошди. Аввалига фақатгина керамик кафель ишлаб чиқарилган бўлса, эндиликда сантехника маҳсулотлари, қайта ишланган ва ишлов берилган терилар, декор панеллари, томчилатиб суғоришда фойдаланиладиган елим қувурлар, махсус сув ўтказгичлар ва плёнкалар, аёллар ва эркаклар пойабзаллари, чарм буюмлар каби ўндан зиёд лойиҳалар ишга туширилди. Ишлаб чиқариш майдони 100 гектарга етказилиб, маҳсулотлар экспорти географияси МДҲ давлатлари, Хитой ва Европагача кенгайди.
[gallery-16148]
2023 йилнинг апрел ойида давлатимиз раҳбари ушбу корхонанинг қиймати 10 млн АҚШ доллари бўлган яна 2 та янги лойиҳасига ҳам шахсан старт берди. Улар мармар тошларидан 40 турдаги тайёр маҳсулот тайёрлаб, терининг чиқиндига чиқариб юбориладиган “оқсил” қисмидан желатин ишлаб чиқаради.
– Вилоятимизда Хитой сармоядорлари билан бизнес ҳамкорлик йилдан-йилга юксалмоқда, – деди "Сирдарё" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбари Илхом Каримов. — Ҳозирги кунда ХХРнинг 70 дан зиёд компанияси Сирдарёда ўз бизнес фаолиятини муваффақиятли тарзда олиб бормоқда. Ушбу компаниялар орқали ҳудудга 1 млрд АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция йўналтирилган бўлиб, 5 000 та иш ўрни яратилган. Айниқса, республикамизда етакчи бўлиб келаётган “Peng-Sheng” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасини ўзаро ҳамкорликнинг ёрқин далили дейиш мумкин.
– Мен иш фаолиятим давомида дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман. Уларнинг бизнес муҳит, инвесторларга бераётган эътибор ва имтиёзларини диққат билан ўрганганман. Аммо Ўзбекистондек кенг имкониятлар, тадбиркорларга яратилган шарт-шароит, энг асосийси, тинч ва осуда мамлакатни кўрмадим. Ўзбекистон халқининг турмуш тарзи, самимийлиги ва меҳнаткашлиги биз Хитой халқига ўхшашлиги гувоҳи бўлдим, - дейди хорижий экспертлар билан бўлган суҳбат давомида “Peng-Sheng” қўшма корхонаси директори ўринбосари Чжуан Линьцин.
–Мен Ўзбекистонда кўп маротаба бўлганман, –дейди Хитой Халқаро Евросиё институти директори Ли Узы Ко.–Мамлакатингизнинг гўзал табиати,ўзбек халқининг биз хитойликлар каби меҳнаткашлиги, меҳмондўстлиги мени ҳамиша мафтун этиб келган. Сирдарёда икки давлат ўртасидаги бизнес алоқаларининг тобора ривожланиб бораётганлиги ҳам қувонарли ҳол, албатта.Биз ватанимизда кўп маротаба инвестор ва йирик тадбиркорларга Ўзбекистоннинг бизнес учун жуда қулай мамлакат эканлигини тарғибот этиб келмоқдамиз.Келгусида Ўзбекистонда нафақат бизнес, туризмни ривожлантиришга ҳам ўз ҳиссамизни қўшиш режаларимиз бор.Шуни мамнуният билан таъкидламоқчиманки, Хитойлик делегация аъзолари Ўзбекистон-Хитой мамлакатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни юксак баҳолайди.
Ш. Суяров, Ш. Ортиқбоев (сурат,видео), ЎзА мухбирлари