Хитойлик шифокорлар етти ёшли бола танасига дунёдаги энг кичик сунъий юракни муваффақиятли жойлаштиришди. Бу болалар трансплантацияси соҳасида улкан қадамдир. Бу ахборотни “Синьхуа” агентлиги тарқатган.
– Хуажун фан ва технология университети Тунцзи тиббиёт коллежига қарашли Сехэ касалхонасида 15 апрель куни юрак-қон томир жарроҳлиги бўлими бошлиғи Дун Няньго раҳбарлигида кечган жарроҳлик амалиёти муваффақиятли тугади, – дейилган хабарда. – Шифокорлар терминал юрак етишмовчилиги билан оғриган беморларни даволаш учун уч йил давомида ишлаб чиқилган магнитли левитацияли сўрғичдан фойдаланишди.
Таъкидланишича, сунъий аппарат боланинг юраги ва ўпкаси фаолиятини тиклашга ёрдам берган. Қурилманинг оғирлиги бор-йўғи 45 грамм, сўрғич айланаси 2,9 сантиметр. Бу учинчи авлод юрак бўлиб, аввалгиларига нисбатан қатор афзалликларга эга. Яъни, кам энергия сарфлайди, батареяси узоқроқ муддат ишлайди, ишончлилиги ошган ва қабул қилувчининг тана ҳолатига ўз-ўзидан мослашиш қобилияти юқори.
– Бугунги кундаги тайёр қурилмаларнинг аксари ёши катталар учун мўлжалланган, – дейди доктор Няньго. – Вазни 15 килограммдан кам, кўкрак қафаси тор болалар анчадан буён зарур насос йўқлиги туфайли амалиётдан четда қолиб келаётган эди.
Хитойда йилига юрак фаолиятида жиддий муаммоси бор 40 000 га яқин бола шифохонага ётқизилади. Уларнинг 10 фоизи трансплантацияга муҳтож. Мамлакатимизда эса ҳар йили 100 га яқин шунга ўхшаш амалиёт бажарилади.
С.Раҳимов, ЎзА