Келажакда мамлакат тараққиётини ҳар томонлама сифатли таълим олган иқтидорли ёшлар белгилайди. Шу мақсадда бугун жойларда замонавий таълим муассасалари барпо этилиб, малакали кадрлар билан таъминланмоқда.
Ёшларга сифатли таълим-тарбия бериш борасида Юртбошимиз бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бунга яққол мисол. Аммо ушбу эзгу ислоҳотлардан ҳозирги кунгача бебаҳра қолаётган маҳаллалар ҳам борлиги ачинарли.
Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги “Кўксой” МФЙга қарашли Хитой, Ором, Карам каби қишлоқларда ўқувчилар ўз қишлоғида мактаб йўқлиги сабаб узоқ йўл босиб, қўшни қишлоқлардаги мактабларга қатнамоқда.
Хитой қишлоғи фуқаролари номидан келган мактаб йўқлиги билан боғлиқ мурожаат асосида фотомухбир билан айтилган манзилда бўлдик. Аҳоли билан суҳбатлашдик.
– 4 нафар фарзандим бор. Каттаси 3-синфда ўқийди. 2-фарзандим 2018 йилда туғилган. Бу йил мактабга чиқиши керак эди, – дейди Хитой қишлоғилик Юлдуз Бозорова. – Ҳудудимизга белгиланган 47-мактабга апрель ойидан бошланғич синфга қабул қилиниши керак эди. Ҳужжатларни топширсак, ўқувчи кўп деб қабул қилмаяпти. Мана шу йиғилган одамлар орасидан камида 20 нафар аёлнинг менинг фарзандим тенги болалари бор. Яшашдан мақсадимиз нима? Президентимиз нима деяпти? Мутасадди ташкилотларга халқнинг ичига боринглар, дардини эшитинглар демаяптими? Лекин бизга келаётган масъуллар фақат бизни тинчлантириш, алдаш билан овора. Фарзандларимизнинг келажаги, илмли бўлиши жуда муҳим. Масалан, мен катта фарзандимни ҳудудимизга энг яқин –5 километр масофадаги мактабга тонг саҳар соат 6,5-7 дан жўнатаман. Қиш пайтларида бу пайтда тонг ёришмаган бўлади. Бунинг устига қиз бола. Маҳалладошлар билан қўшилиб, навбатма-навбат кўчага чиқарамиз. Уйда ёш чақалоқларимиз бор, зарур ишларимиз бор. Кейингиларини эса мактабга қабул қилмаяпти. Тасаввур қиляпсизми, бола 7 ёшга тўлди, аммо у ҳали боғчада. Кўпчилик бўлиб, шу мурожаатни қилдик. Туман ҳокимимиз келди, вазиятдан хабардор бўлди, имкон қадар ёрдам беришга ваъда берди, лекин ваъда берилганига ҳам анча бўлди. Ҳеч қандай ёрдам бўлмаяпти. Шу масалада ёрдам керак бизга.
Ҳақиқатда қишлоқда 200 дан ортиқ хўжалик бор. Ҳар бир оилада ўртача икки нафардан фарзанд борлигини ҳисобга олсак, мактабга эҳтиёжни пайқаш қийин эмас.
– Аҳолимиз мактаб масаласида жуда қийналяпти. Биринчи навбатда фарзандларимизнинг хавфсизлиги муҳим, – дейди фахрий педагог Собир Ёқубов. –Ўқувчиларнинг бир қисми “Нуристон” шаҳарчасига (10 километр), бир қисми 24-мактабга (7 километр), бир қисми Абдулла Қодирий мактаби(6,5 километр)га қатнайди, энг яқин мактаб ҳисобланган 47-мактаб эса 5 километр масофада жойлашган. Энг ёмони, ҳамма ўқувчилар қишлоқ четидан ўтган канал бўйидан мактабга қатнайди. У йўл эса ёзда чанг, қишда лой. Бошқа йўл йўқ. Шунинг учун қишлоғимизга битта мактаб керак. Мана қўлимда 270 нафардан зиёд мактаб ёшидаги ўқувчиларнинг туғилганлик гувоҳномаси нусхаси бор. Бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Чунки қишлоқда 200 дан зиёд хўжалик бор.
Ҳайратланарлиси, бу муаммо бугуннинг ёки кечанинг масаласи эмас. Ушбу оғриқли масала Хитой ва унинг атрофидаги қишлоқлар аҳолисини йиллар давомида қийнаб келган. Бундан ташқари, қишлоқда атрофдаги мактабларга қатнайдиган битта ягона йўл мавжуд. У ҳам бўлса, каналнинг устидан ўтган. Техникаларнинг кўп қатнаши эвазига ёзда бир қарич тупроқ, ёғингарчилик пайтида эса лой, шалаббо.
Ушбу масала юзасидан маҳалла раисининг ҳам фикрларини тингладик.
– Бу қишлоғимизда ҳақиқатдан ҳам мактаб муаммоси бор. Фарзандлари атрофдаги узоқ масофадаги мактабларга қатнайди, – дейди “Кўксой” МФЙ раиси Ўткир Холиқов. – Яқинда туман ҳокими ҳам келиб аҳоли билан учрашиб кетди. 2026 йилга мактаб қурилиши таклифини беришини айтди. Насиб бўлса, кейинги йилда қишлоқнинг ҳудудидан жой танлаб олиниб, мактаб қурилиши мўлжалланмоқда.
– Агар қурилса, қаердан қурилади, –сўраймиз ундан.
– Мактаб қурилиши учун тахминий бир нечта жой танланган. Ҳудудда кластерга қарашли фойдаланилмайдиган ерлар бор. Ер эгаларининг розилиги олингандан сўнг улар билан келишган ҳолда ўша жойдан қуриш режалаштирилмоқда.
– Мактабларга қатнаётган ўқувчиларнинг хавфсизлиги ва йўл масаласига қандай изоҳ берасиз, бу масала бўйича бошқа вариантлар кўрилмаганми?
– Бу ҳақда ҳам бош қотирганмиз. Лойиҳа ишлари амалга ошгунча халқ таълими бўлимидан автобус қўйиб беришини сўрагандик. Лекин ўқувчилар турли жойларга қатнаётгани учун бир тўхтамга келолмай турибди. Битта мактабга қатнаганда битта автобус қўйилса бўларди. Йўл масаласига тўхталадиган бўлсак, бу йўл Р4 канали бўйидан ўтган ва каналнинг муҳофаза зонасида жойлашган. Канал ҳар йили лойқадан тозалангани учун йўл қанча таъмирланмасин тупроқ-лой бўлиб қолаверади.
Қишлоқ одамларининг қай бири билан суҳбатлашмайлик, мактабга қатнайдиган фарзандларининг тақдиридан хавотирда эканини таъкидлайди. Ҳудудда ўрганиш ишларини олиб борар эканмиз, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари ҳам етиб келишди. Улардан ҳам ушбу муаммо ечими юзасидан изоҳ сўрадик.
[gallery-23107]
– Ушбу ҳудуддаги Хитой, Ором ва Карам каби қишлоқларда ҳақиқатда мактабга эҳтиёж мавжуд, – дейди Нишон туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими қурилиш бўлими бошлиғи Адҳам Сафаров. – Бу бўйича аҳолининг мурожаатлари ҳам келиб тушган. Ўрганишлар олиб борганмиз ва 2025 йилги давлат дастурига ҳам таклифини берганмиз. Аммо маблағ етмаганлиги сабабли 2026 йилга қолдирилганди. Лекин яқинда “Ислом тараққиёт” банки маблағлари ҳисобидан кейинги йилда 660 ўринли мактаб қурилиши режалаштирилди. Насиб бўлса, бу муаммога ечим топилади. Ўқувчиларнинг қабулига келсак, бу бўйича муаммолар бўлмайди, уни ҳал қиламиз.
Албатта, битта замонавий мактаб қуриб бериш, уни малакали кадрлар билан таъминлаш ва ҳоказо ишларнинг ҳаммаси маблағга бориб тақалиши тайин. Лекин Хитой қишлоғилик ўқувчиларнинг тақдирини ҳам эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Масъулларнинг ваъдасига умид боғлаган ҳолда ортга қайтар эканмиз, келгуси сафар ушбу қишлоқ ўқувчиларининг замонавий мактабда таълим олаётганини ёритишга келишни мақсад қилиб қўйдик.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари