Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 февралда “Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида қуввати 150 МВт (300 МВт соат) бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга асосан, Хитой Халқ Республикасининг “China Gezhouba Group Overseas Investment Co. LTD” компанияси дастлабки баҳолаш бўйича жами 144 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритиш ҳисобига Ўзбекистон туманида қуввати 150 МВт (300 МВт соат) бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш лойиҳасини амалга оширади.
Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва инвестор ўртасида тузилган инвестиция шартномаси тасдиқланди ҳамда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва инвестор ўртасида тузилган Битим маъқулланди.
Мазкур лойиҳа электр энергиясини ишлаб чиқариш манбаларини диверсификациялаш, аҳолини ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлашга хизмат қилади.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири