Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой – КХДР темир йўл алоқаси тикланди

Хитой ва Шимолий Корея ўртасидаги йўловчи поезд қатнови олти йиллик танаффусдан кейин тикланмоқда. Бу ҳақда ХХР темир йўл идорасига таяниб, BBC маълум қилди.

Қайд этилишича, пандемия сабаб 2020 йил тўхтатилган мазкур транспорт йўли 12 мартдан яна очилади. Янги жадвалга кўра, Пекин ва Пхеньянни боғлайдиган поезд ҳафтасига тўрт марта ҳаракатланади. Шунингдек, Хитойнинг чегара шаҳри Даньдун билан Шимолий Корея пойтахти ўртасидаги поезд қатнови ҳар куни амалга оширилади.

Хитой темир йўл идораси мазкур қадамни икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатни мустаҳкамловчи муҳим алоқа воситаси сифатида баҳолади.

Маълумотга кўра, Пекин – Пхеньян йўналишидаги поездда айрим вагонлар халқаро йўловчилар учун ажратилган. Ҳозирча чипта фақат амалда визаси мавжуд, масалан КХДРда ишлайдиган ёки ўқийдиган хитойлик, шунингдек хорижда ишлайдиган ёки маиший мақсадда сафар қилаётган кореялик шахсларга сотиляпти.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили темир йўл тизими тикланиши икки мамлакат халқлари ўртасидаги алоқани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишига урғу берган.

Маълумки, пандемия бошланиши билан чегараларини тўлиқ ёпган  Шимолий Корея кейинги йилларда босқичма-босқич очилиш сиёсатини маъқул кўряпти. 2024 йилдан айрим хорижлик сайёҳларга чекланган тарзда мамлакатга кириш учун рухсат берила бошлади.

Кузатувчилар фикрича, энди бу икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва гуманитар алоқалар янада фаоллашиши мумкин.

Д.Ҳакимов, ЎзА