
5–8 апрель кунлари Хитой делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакатимизнинг мултимодал юк ташиш соҳасидаги салоҳияти билан яқиндан танишмоқда. Ташриф доирасида "Uzbekistan Airports" компанияси раҳбарияти билан учрашув ташкил этилди.
Делегация таркибида Хитойнинг Синхуа шаҳри ХКП қўмитаси котиби, Иу шаҳри мери ҳамда мамлакатнинг энг йирик темир йўл ташувчиларидан бири — "YiWu Timex Industrial Investment Co., Ltd." компанияси президенти ҳам бор. Улар Тошкент халқаро аэропортида янги фойдаланишга топширилган юк терминалининг инфратузилмаси ва имкониятлари билан танишди.
Экскурсия давомида хорижий меҳмонлар умумий ва махсус омборхоналар — ўсимликлар ва тирик ҳайвонлар, қимматбаҳо юклар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни сақлашга мўлжалланган жойларни ҳам кўздан кечирди.
— Тошкентдаги янги юк терминали 2025 йилнинг март ойида ишга туширилган бўлиб, йилига 120 минг тоннагача юкни қабул қилиш имкониятига эга, — деди "Uzbekistan Airports" АЖ Бошқарув раиси Жавлонбек Умархўжаев. — Келгусида юк ҳажми ошса, мавжуд омборлар кенгайтирилади ва янги иншоотлар қурилади. Биз халқаро ҳамкорликка очиқмиз ва юк ташиш ҳажмини ошириш учун зарур барча шарт-шароитларни яратамиз. Шунингдек, юқори салоҳиятга эга бошқа минтақавий аэропортларни ҳам таклиф қилишга тайёрмиз.
Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг Хитойдан Европага йўналган қўшма юк ташиш тизимидаги муҳим стратегик ўрни алоҳида таъкидланди.
Делегация вакиллари, шунингдек, Хитойга яқин жойлашуви билан ажралиб турувчи Андижон вилоятига ҳам катта қизиқиш билдирди. Улар Андижонга ташриф буюриб, вилоятнинг юк ташиш инфратузилмаси билан бевосита танишишни режалаштирган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА