Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳрида юзлаб фуқаролар ҳаво ифлосланишига қарши норозилик намойиши ўтказди, деб хабар бермоқда “BBC” нашри.
Маҳаллий аҳоли вакиллари қўлларида турли ёзувларни кўтариб, ўлкада ифлосланиш даражаси кескин ошиб бораётган шароитда ҳукуматдан қатъий чоралар кўришни талаб қилган.

Пойтахтда ҳаво ифлосланиши йил давомида кузатилса-да, айниқса, қиш мавсумида муаммо янада кучаяди. Бунинг асосий сабаблари транспорт воситалари тутуни, саноат чиқиндилари ва штатларда деҳқонлар томонидан бўшаб қолган дала ерлари ёқилиши ҳисобланади.
Таъкидланишича, бугун эрталаб Деҳлининг ҳаво сифати индекси (AQI) 330 ни ташкил этган. Бу кўрсаткич Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти белгилаган меъёрдан 20–30 баробар юқори дегани. Хусусий мониторинг манбаларида бу рақам янада юқори бўлган.

Мамлакат экология вазири Манджиндэр Сингҳ Сирса баёнот бериб, вазиятни бартараф этиш учун барча имкониятлар ишга солинаётганини таъкидлади.
– Шаҳардаги барча баланд биноларда туманга қарши қурилмалар ўрнатилди, қурилиш майдонлари қатъий назоратда, йўлларда сув сепиш ишлари олиб борилмоқда ва шаҳар жамоат транспорти паркларига кўпроқ электр автобуслар қўшилди, – деди у.

Хабарда ёзилишича, шаҳар ҳавосини тозалаш режасининг иккинчи босқичи ишга туширилган, унга кўра, дизель генераторларидан фойдаланиш ҳамда кўмир ёқиш тақиқланган. Аммо қурилиш фаолияти ва дизель автомобиллар ҳаракатини тўлиқ чекловчи учинчи босқич ҳали жорий этилмаган.
Д.Ҳакимов, ЎзА