Ҳиндистон – мўьжизавий диёр. Қадим ва ўзига хос тарих, миллий меъморчилик, футуристик архитектура уйғунлиги бу юртни бошқа мамлакатлардан ажратиб туради. Ҳинд заминида ўтмиш нафаси сезилиб турадиган тор кўчалар ва замонавий, осмонўпар бинолар ёнма-ён жойлашган.
Мамлакат асрлар давомида форслар, мўғуллар, юнонлар, голландлар, французлар, португаллар ва Британия ҳукмронлиги остида яшаган. Турли эллар ва даврлар маданияти таъсири ҳамон сезилиб туради.
Кўҳна Шарқнинг энг қадимий давлатларидан бири ҳисобланадиган Ҳиндистон дунёнинг етти мўьжизасидан бири, Аградаги асл муҳаббат рамзи – “Тож маҳал”и билан жуда машҳур. Айниқса, Кашмир тоғи улуғворлиги, Ҳинд океанига туташ Ганга дарёси сокинлиги, оқ йўл-йўл чизиқли Бенгал йўлбарси наъраси, Бангалорнинг қўлга ўргатилган баҳайбат филлари, бепоён Ассам водийси чой далалари, Гужаратнинг пешонасига синдур суртган гўзаллари, Амритсарнинг пури, биряни, бажжи номли зиравор таомлари ҳақида тўлқинланмай гапириб бўлмайди.
Бу диёрнинг кўп минг йиллик тарихга эга, турли даврларда бунёд этилган, ҳар бири ўзига хос ранглар жилоси билан ажойиб композиция ҳосил қилган меъморий обидалари ўтмиш афсоналаридан сўзлайди. Айниқса, “Қутб минор”, “Чорминор”, “Ҳумоюн” мақбараси, “Нилуфар”, “Ҳава маҳал”, “Ҳамандир Соҳиб” ибодатхоналари мукаммал архитектура услубида бунёд этилган.
Деҳли марказидаги “India Gate” – кўп йиллик тарихни ўзида жо қилган қадимий қалъа. Телангана марказида жойлашган сирли Голконда қалъаси эса Ҳайдарободнинг шонли ўтмишидан гувоҳлик беради. Гоа, Бомбей, Калькутта, Орисса, Ченнай, Керала ва Пунада бунёд этилган юксак даражадаги архитектура намуналарини кўриб, ҳайратингиз ошади.
Ҳиндлар “Холи” байрамида дунё гўзалликка буркансин, деган ниятда бир-бирига ранг сепади. Мабодо ўша куни Шимла томонларга ўтиб қолсангиз, уст-бошингиз камалак тус олади. “Девали” эса ёруғлик байрами. Ушбу айёмда кўча ва уйлар чироғи асло ўчмайди. “Ганеш” ва “Дасара” айёмлари рақссиз, қўшиқсиз ўтмайди.
Ҳинд аёллари ўз умр йўлдошини маъбуддек кўради ва айтган сўзини ўзлари учун бир умр қонундек қабул қилади. Бўйнидаги никоҳ туморини ҳеч қачон ечмайди. Байрамларда умр йўлдошига узоқ умр тилаб, қўлларига хина чизиб, Карвачот рўзасини тутади.
Қайд этиш керак, Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатлари тарих ва маданият муштараклигига асосланган. Асрлар давомида мамлакатларимиз, халқларимиз бир-бирининг маънавий, интеллектуал ва маданий тараққиётига ўзаро ҳисса қўшиб келмоқда. Бугунги кунда мавжуд алоқалар тарихий илдизлардан қувват олиб, янада ривожланмоқда.
Маданий алоқалар уйғунлиги Абу Райҳон Берунийнинг ҳинд халқи тарихи ҳақидаги “Ҳиндистон”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Мухтасар ёки Рисолаи Аруз” каби бебаҳо асарларида акс этган.
Ўзбекистонда ҳинд халқининг таниқли намояндалари – Вивекананда, Мирзо Ғолиб, Робиндранат Тагор, Махатма Ганди каби шахсларни яхши билишади.
[gallery-22958]
Умуман, мамлакатларимиз минтақа ва жаҳонда тинчлик, фаровонлик ва барқарорликни таъминлаш борасида муштарак қарашларга эга. Турли соҳалардаги ҳамкорлик сезиларли ўсиш суръатини намойиш этиб, ўзаро манфаатли соҳалар рўйхати кенгаймоқда. Зеро, икки давлат азалий алоқаларни янада юқори даражага кўтариш учун улкан салоҳиятга эга.
ЎзА жамоатчи мухбири тиббиёт, ахборот технологиялари, кино саноати, туризм йўналишларида илғор давлатлар сафида эътироф этиладиган Ҳиндистоннинг Деҳли ва Ҳайдаробод шаҳарларидан жонли фотосуратлар тақдим этди.
Ўткир Мирзо тайёрлади.
ЎзА