25 апрелга ўтар кечаси Кашмирдаги Липа водийсида Ҳиндистон ва Покистон чегарачилари ўртасида отишма содир бўлган. Расмий маълумотга кўра, оддий аҳоли вакиллари ҳалок бўлгани ёки жароҳатлангани қайд этилмаган. Фақат чегарадаги тинчликка дарз кетган.
22 апрель куни Ҳиндистоннинг сайёҳлик шаҳарчаси Паҳалгамда жангарилар уюштирган ҳужум туфайли 26 киши ҳаётдан кўз юмган, қурбонларнинг кўпчилиги сайёҳлар эди. “Қаршилик фронти” (The Resistance Front) гуруҳи ҳодиса учун жавобгарликни зиммасига олган. “Greater Kashmir” газетаси ёзишича, Покистон томонидан қўллаб-қувватланаётгани айтилаётган бу гуруҳ Ҳиндистонда террор ташкилоти сифатида рўйхатга олинган. Бош вазир Нарендра Моди қатъий баёнот бериб, ҳужумчилар “ернинг тагидан бўлса ҳам топилиши”ни маълум қилди. Покистон эса фожиага алоқадорлигини рад этиб, ҳар қандай эҳтимолий таҳдидга муносиб жавоб қайтаришини билдирди.
БМТ икки мамлакатни вазминликка чақириб, муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш лозимлигини таъкидламоқда.
Бу воқеалар ортидан Ҳиндистон Покистон фуқаролари 29 апрелгача мамлакатни тарк этиши мажбурий эканини эълон қилди. Шунингдек, 1960 йил тузилган сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича шартномани музлатишга қарор қилди. Покистон эса буни урушга даъват сифатида баҳоламоқда.
К.Бекжонов, ЎзА