“Ўзсувтаъминот”АЖ ҳамда “Бухоро сув таъминоти”АЖ масъул ходимларидан иборат делегация Ҳиндистонда хизмат сафарида бўлиб турибди. Сафардан кўзланган асосий мақсад оқова сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш борасида хорижий тажрибаларни ўрганишдир.
Делегация аъзолари Ҳиндистондаги замонавий оқова сув тозалаш иншоотлари, уларда қўлланилаётган янги авлод технологиялари билан танишди. Хусусан, “Wapcos” компанияси вакиллари ўзлари қуриш жараёнида фойдаланаётган технологиялар, уларнинг афзалликлари ва замонавий жиҳозлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Таъкидлаш жоизки, вилоятда амалга оширилаётган “Бухоро вилоятини ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш” лойиҳасининг иккинчи фазасида маслаҳатчи сифатида айнан Ҳиндистоннинг “Wapcos” компанияси фаолият юритмоқда.

Ушбу лойиҳа Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётган бўлиб, ҳудуддаги сув таъминоти ва канализация хизматларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.

Мазкур хизмат сафари давомида делегация аъзолари соҳадаги илғор технологик ёндашувларни, сув ресурсларини тежаш, қайта ишлаш ва экологик талабларга мувофиқ равишда оқова сувларни тозалаш усулларини чуқур ўрганмоқда. Ушбу тажрибалар эса юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА