Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги 400 та учувчисиз учиш қурилмаси етказиб бериш тўғрисидаги учта шартномани Хитойда ишлаб чиқарилган бутловчи қисмлардан фойдаланилгани сабабли бекор қилди, деб ёзди “Times of India” газетаси ҳарбий идорадаги манбаларга таяниб.
200 та ўртача баландликда учадиган, 100 та оғир ва яна 100 та енгил логистика дрони назарда тутилган, қиймати 2,3 миллиард рупий (26,3 миллион доллар)дан зиёд мазкур битим Ченнайда жойлашган компания томонидан армиянинг 2023 йилдаги фавқулодда харидлари доирасида имзоланган.
Бу дронлар биринчи навбатда 2020 йил апрель ойида бошланган ҳарбий қарама-қаршилик шароитида Хитой билан 3488 километрлик Ҳақиқий назорат чизиғи бўйлаб жойлаштирилиши лозим эди.
– Афсуски, баъзи ҳинд компаниялари Қуролли кучлар учун ишлаб чиқараётган учувчисиз самолётларида Хитой компонентлари ва электроника воситаларидан фойдаланмоқда. Бу ҳолат кибер хавфсизлик билан боғлиқ жиддий таҳдид сифатида маълумот ва амалиёт салоҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Рақибда дронни назоратга олиш ёки фалаж ҳолатга келтириш имкони пайдо бўлиши эҳтимоли мавжуд. Зеро, электроникада хавфсизлик чоралари айланиб ўтиладиган яширин йўллар бор.
Қайд этилишича, Ҳиндистон армияси Хитой ва Покистон билан чегарада кузатув ҳамда разведка миссияси вақтида учувчисиз учиш қурилмалари билан турли носозликларга дуч келгани сабабли дронлар хавфсизлигига талабни кучайтирган.
Ҳиндистон Хитой билан шимоли-шарқдаги Аруначал-Прадеш штатида қарийб 60 минг квадрат километр майдонда, шунингдек Кашмир шимолидаги тоғли ҳудудда кўп йилдан бери давом этаётган ҳудудий баҳсни ечолмай келяпти. Чегара вазифасини бажарадиган Ҳақиқий назорат чизиғи Ладах минтақасининг баланд тоғли ҳудуди орқали ўтади. 1962 йил кузда бу можаро чегара урушига ҳам айланиб кетган. 2020 йил май ойида Хитой ва Ҳиндистон ҳарбийлари Галван дарёси ёнида бир неча бор тўқнашгач, кескинлик янада авж олди. 2021 йил февралда минтақадан қўшинларнинг аксари олиб чиқиб кетилди ва томонлар музокарани давом эттирди. 2022 йил сентябрь ойи бошида икки қўшни давлат чегарадаги аскарларни олиб чиқишнинг янги босқичига ўтди. Афсуски, кўрилган чораларга қарамай, муаммо ҳамон батамом ҳал этилмаган.
2024 йил октябрь ойи охирида Нью-Деҳли ва Пекин Ладахдаги Ҳақиқий назорат чизиғи бўйлаб патруллик қилиш тартиб-қоидаси юзасидан келишувга эришди. Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Ani” ахборот агентлиги расмий ҳарбий манбаларга таяниб, ҳар икки томон минтақадаги қўшинларини тўлиқ олиб чиқиб кетгани ҳақида хабар тарқатди.