
Муносабат
Она замин инсоният гавҳари бўлмиш алломаларга бешик бўлар экан, уларнинг илм зиёси башарият камолоти учун абадийликка муносиб бўлиб яшайверади. Исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир аллома, калом илмининг султони Имом Абу Мансур Мотуридий ана шундай бетимсол маърифат соҳиби саналади.
Маълумотларга кўра бу зотнинг насаби улуғ саҳобий Абу Аййуб Ансорийга бориб тақалади. Шунинг учун ушбу улуғ алломага “Ансорий” нисбати ҳам берилган.
Абу Мансур Мотуридийнинг устозларидан бири бўлган Муҳаммад ибн Муқотил Розий ҳижрий 248 (милодий 862) йилда вафот этгани айтилган. Шунга кўра, Абу Мансур Мотуридий ҳижрий 240 (милодий 854) йилдан олдин туғилган, чунки Муқотил Розийдек фақиҳ, муҳаддис олимдан таълим олиш учун шогирд камида ўн ёш атрофида бўлиш керак, дейилган.
Аллома шаръий илмларнинг учта йўналиши – Тафсир, Усулул фиқҳ, Ақоид бўйича асарлар таълиф этган. “Таъвийлоту аҳли сунна” (Аҳли суннанинг тушунтиришлари), “Маъхозуш шароиъ” (Шаръий ҳукмлар манбаси) ва “Жадал” (Илмий баҳслар) ва бошқа кўплаб асарлар шулар жумласидан саналади.
Бутун ҳаётини илм маърифат ўрганиш ва уни ёйиш билан ўтказган Абу Мансур Мотуридий ҳижрий 333 (милодий 945) йилда тўқсон беш ёшлар атрофида Самарқандда вафот этган ва Чокардиза қабристонига дафн этилган.
Ушбу улуғ алломанинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганишни рағбатлантириш, мотуридийлик таълимотига хос бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида жорий йил 14 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди. “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида“ги мазкур қарорга кўра, аллома таваллудини ислом оламидаги обрў-эътибори ва нуфузига муносиб тарзда юқори савияда нишонлаш бўйича бир қанча чора-тадбирлар белгиланди. Унда, жумладан, 2025 йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиш;
хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, ғолиблар иштирокида Ўзбекистонда маданий-маърифий учрашув ва семинар-тренинглар ташкил этиш;
Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” асарлари ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр этиш каби вазифалар белгиланди.
Шу билан бирга, Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигига бағишланган эсдалик сувенирларини муомалага чиқариш ҳамда почта маркалари, тақвимлар, буюк мутафаккирнинг ҳаёти ва илмий меросини ёритиб берадиган бошқа кўргазмали ахборот воситалари туркумини яратиш;
Имом Мотуридийнинг серқирра ҳаёт йўли ва илмий меросининг бугунги кундаги аҳамиятини очиб берадиган бадиий-публицистик фильм яратиш;
Самарқанд вилоятида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти йўналишида фаолият олиб борган алломаларнинг ҳаёти, илмий ва ижодий меросига бағишланган асарларнинг нодир қўлёзма ва нашр нусхалари ҳамда китоблари кўргазмасини ташкил этиш ҳамда Самарқанд шаҳридаги Абу Мансур Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш кабилар назарда тутилган.
– Ўзбекистон замини қадимдан илм-маърифат, маънавият, цивилизациялар кесишган чорраҳа сифатида бутун дунёга маълум ва машҳур. Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар жаҳон илм-фани тараққиётига беназир ҳисса қўшганлар, – дея фикр билдиради Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов. – Аждодларимиз орасида «Ҳидоят имоми» деган унвонни олган Имом Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳ алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг бой илмий меросини бутун дунёга тараннум этишда муҳим ҳужжат бўлди.
Мотуридийлик таълимоти суннийлик йўналишидаги икки йирик мактабнинг бири бўлиб, ушбу таълимоти Х асрдан бугунги кунга қадар ўзининг мўътадиллиги билан ажралиб туради. Бунинг асосий сабаби Имом Мотуридий ўз таълимотини ўша даврнинг ижтимоий-сиёсий жиҳатларини ҳам ҳисобга олган ҳолда яратган. Шунинг учун ҳам мотуридийлик таълимотини ўрганишга қизиқиш катта. Мотуридийлик таълимоти дунёнинг кўплаб йирик таълим муассасаларида, хусусан, ал-Азҳар университетида ҳам ўқитилади.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорига биноан шу йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиш, алломанинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” асарлари ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр этиш белгилангани буюк аждодимизнинг бой илмий-маърифий меросини дунёга тараннум этиш учун катта имкониятлар эшигини очади, иншааллоҳ.
Дарҳақиқат, қарорда назарда тутилган муҳим жиҳатлардан бири сифатида “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусида республика илмий-амалий конференциялар, суҳбатлар, “Мотуридийлик таълимоти билимдони” каби танловлар ўтказилади ва ғолиблар муносиб тақдирланади.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Маданий мерос агентлиги билан биргаликда хорижий мамлакатларда сақланаётган Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига мансуб алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросига оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликлар аниқланиб, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва тадқиқ қилиш тизимли равишда ташкил этилади.
Давлатимиз томонидан ҳидоят имоми саналмиш ушбу улуғ аллома ва унинг илмий меросига кўрсатилаётган эҳтиром халқимиз ҳамда келажак авлодлар учун ибрат ва ифтихор рамзи бўлиб қолади.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА