Хитой ҳукумати уч ёшгача бўлган ҳар бир бола учун ота-оналарга йилига 3 600 юань ($500) миқдорида ёрдам пули беришни бошлайди. Бу мамлакатда туғилиш даражасини оширишга қаратилган биринчи миллий даражадаги дастурдир.
ОАВ маълумотларига кўра, ушбу қўллаб-қувватлаш стратегияси 20 миллион оилага ёрдам беради. Ҳар бир бола учун жами 10 минг 800 юангача субсидия тўланади. Дастур 2024 йил бошидан амалий кучга эга бўлиб, 2022–2024 йилларда туғилган болалари бор оилалар ҳам қисман тўлов олишлари мумкин.
Хитойда аҳолининг камайиши давом этмоқда. Ўтган йили ўлкада 9,54 миллион бола туғилган, бу бир йил аввалги кўрсаткичдан бироз юқори бўлсада, умумий аҳоли сони учинчи йил кетма-кет қисқарди.

Ҳукумат сўнгги йилларда турли вилоятларда маҳаллий рағбатлантириш чораларини синаб кўрган. Масалан, Ҳоҳҳот шаҳрида учинчи фарзандли оилаларга 100 минг юангача, Шенянгда эса учинчи бола учун ойига 500 юань тўланади.
Демографик инқироз хавфи фонида Пекин маҳаллий ҳокимиятларга бепул мактабгача таълим дастурларини ишлаб чиқишни ҳам буюрди. Тадқиқотларга кўра, ХХРда бир болани 17 ёшгача вояга етказиш ўртача 75 минг 700 долларга тушади, бу эса туғилишларнинг камайишига сабаб бўлаётган омиллардан бири сифатида кўрилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА