Дунёда паст чиқиндили водород ишлаб чиқариш ҳажми кейинги беш йил ичида беш баробарга ошиши мумкин. Бу ҳақда Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) томонидан эълон қилинган “Global Hydrogen Review 2025” ҳисоботида қайд этилди.
Унда таъкидланишича, сўнгги йилларда баъзи йирик лойиҳалар кечиктирилгани ёки тўхтатилганига қарамай, водород соҳаси изчил ривожланмоқда. Айниқса, паст чиқиндили водород ишлаб чиқариш технологияларига талаб ортиб бораётгани қайд этилган. ХЭА таҳлилчилари ушбу соҳани барқарор келажак энергетика тизимининг муҳим таркибий қисми сифатида баҳоламоқда.
Шунингдек, 2024 йилда дунёда водородга бўлган умумий талаб 100 миллион тоннага етди, бу ўтган йилга нисбатан 2 фоиз кўп. Ушбу талабнинг катта қисми ҳозирча иссиқлик электр станцияларидаги каби анъанавий усулларда, яъни чиқинди газларини тозаламасдан ишлаб чиқарилган водород ҳисобига қопланяпти. Энг йирик истеъмолчилар сифатида нефть қайта ишлаш ва оғир саноат соҳалари кўрсатилмоқда.
ХЭА таҳлилларига кўра, амалдаги тенденциялар сақланиб қолса, 2030 йилга келиб дунё бўйича паст-эмиссион водород ишлаб чиқариш ҳажми йилига 37 миллион тоннага етиши мумкин. Бу аввалги прогнозлардан (49 миллион тонна) камроқ, бироқ кўрсаткич шунда ҳам бир неча баробар ўсишни намоён этмоқда.
– Инвесторларнинг водородга бўлган қизиқиши ўн йиллик бошида кескин ошди. Энг сўнгги маълумотларга кўра, водород технологиялари соҳасидаги ўсиш иқтисодий ва сиёсий омиллар таъсирида босимга учраган бўлса-да, олға ҳаракат қилишга доир аниқ белгиларни кўрмоқдамиз. Бу жараённи қўллаб-қувватлаш учун сиёсатчилар томонидан мавжуд ёрдам чораларини сақлаш, талабни рағбатлантириш ва инфратузилмани ривожлантиришни жадаллаштириш жуда муҳим, – дея таъкидлаган Халқаро энергетика агентлиги раҳбари Фатих Бирол.
Мутахассислар алоҳида эътиборни Хитойга қаратди. Мамлакат дунёда электролизер ўрнатиш бўйича етакчига айланган бўлиб, жаҳон бўйича мавжуд қувватларнинг 65 фоизи айнан шу давлат ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари янги истиқболли бозор сифатида баҳоланади. ХЭА маълумотларига кўра, ушбу минтақада 2030 йилгача паст-эмиссияли водород ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 3 минг тоннадан 430 минг тоннагача ошириш мумкин.
Марказий Осиё минтақасидаги қўшни давлатлар орасида паст чиқиндили водород ишлаб чиқариш технологияларини ривожлантиришга алоҳида эътибор Россияда қаратилмоқда. Хусусан, Сахалин оролида “Росатом” давлат корпорацияси томонидан амалга оширилаётган яшил водород ишлаб чиқариш бўйича пилот лойиҳаси бошланган. Лойиҳа доирасида қайта тикланувчи энергия манбалари асосида водород олиш учун электролиз усулидан фойдаланиладиган махсус водород полигони яратиш, шунингдек, уни ишлаб чиқариш, сақлаш ва ташиш технологияларини яратиш режалаштирилган.
ХЭА ҳисоботида водород ёқилғисини денгиз транспортида қўллаш истиқболлари ҳам таҳлил қилинган. Таъкидланишича, дунёдаги тахминан 80 та порт кимёвий маҳсулотлар билан ишлаш тажрибасига эга бўлиб, бу уларга янги турдаги ёқилғиларга ўтишни тезлаштиради.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, водород технологияларини муваффақиятли ривожлантириш учун қайта тикланадиган энергетикага сармоя киритиш, кадрлар тайёрлаш ва инфратузилмани шакллантириш каби масалаларни бир вақтнинг ўзида ҳал этиш талаб этилади. Айни шу йўналишлар Ўзбекистоннинг энергетика стратегиясида устувор деб белгиланган.
Жаҳон миқёсида водород саноати тараққиётдан тўхтагани йўқ. Бир қатор лойиҳаларнинг тўхтатилганига ва мавжуд қийинчиликларга қарамай, 2030 йилга келиб "яшил" ва паст чиқиндили водород ишлаб чиқариш ҳажми бир неча бараварга ошиши кутилмоқда. Ўзбекистон ҳам "яшил" водородни тажриба тариқасида ишлаб чиқаришга тайёргарлик кўраётганини инобатга олсак, ХЭАнинг мазкур башорати мамлакатимиз танлаган стратегик йўналишнинг тўғри эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Хулоса шуки, “яшил” водородни ривожлантириш барқарор энергетика тизимини шакллантиришда стратегик аҳамият касб этади. У қайта тикланадиган манбалардан олингани сабабли атроф-муҳитга минимал таъсир кўрсатади ҳамда карбон чиқиндиларини кескин камайтиради. Бу эса мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш, саноат ва транспорт соҳаларида углерод изини қисқартириш имконини яратади. Шу билан бирга, “яшил” водород соҳасини ривожлантиришда қатор вазифаларни ҳал этиш талаб этилади. Инфратузилмани яратиш, технологияларни маҳаллийлаштириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва иқтисодий механизмларни жорий қилиш кабилар шулар жумласидан.
Демак, “яшил” водород келажакда иқтисодий ўсиш, экология барқарорлиги ва инновацияларни қўллаб-қувватлайдиган асосий драйверлардан бири сифатида улкан салоҳиятга эга.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА